АҚШ расмийларининг Исроилга сафари ортидан Трамп Қатар Амири билан самолётда учрашди (видео)
Олам
−
26 Октябрь 4802 4 дақиқа
Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп Ғазода отишмани тўхтатиш келишувини таъминлашдаги саъй-ҳаракатлари учун Қатарга миннатдорлик билдирди. Бу вақтда Исроил қўшинлари фаластинликлар ҳудудига ҳужумларни давом эттириб, камида бир кишини ўлдирди ва тўрт нафар фаластинликни яралади. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.
Трамп кеча, 25 октябрь куни Қатар Амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний ва Бош вазир шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон бин Жосим Ол Сонийни ўзининг Air Force One самолёти бортида қабул қилди. АҚШ Президентини Малайзиядаги саммитга олиб кетаётган самолёт Қатарда тўхтаб, ёқилғи қуйди.
“Биз, айниқса, охирги йилда, жуда кўп ишларни биргаликда амалга оширдик. Биз қилган ишлар ажойиб. Яқин Шарққа тинчлик келди ва улар (қатарликлар) бу жараёнда катта роль ўйнади. Мен шунга миннатдорлик билдираман”, деди Трамп Қатар етакчилари билан суҳбатда.
Қатар Амири эса X ижтимоий тармоғидаги хабарда Трамп билан учрашганидан мамнунлигини билдириб, бу учрашув “Яқин Шарқда тинчлик режаларини муҳокама қилиш, Ғазода урушни тугатиш бўйича келишувни мустаҳкамлаш ҳаракатларини кўриб чиқиш ва икки дўстона давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш учун яхши имконият бўлганини” таъкидлади.
Қайд этиш жоиз, Қатар Амирлик оиласи қиймати 400 миллион долларга тенг бўлган люкс Boeing 747-8 самолётини вақтинчалик Air Force One сифатида фойдаланиш учун совға қилмоқда. Бу совға ҳатто президентнинг айрим тарафдорлари орасида ҳам танқид ва шубҳа уйғотган.
Бу учрашув АҚШ маъмуриятининг бир қатор юқори мартабали амалдорлари – вице-президент Жеймс Дэвид Вэнс ва Давлат котиби Марко Рубио шу ҳафтада Исроилга ташриф буюрганидан сўнг бўлиб ўтди. Улар келишувнинг бажарилишини назорат қилиш ва Вашингтон бошчилигидаги режанинг иккинчи босқичи ҳақида муҳокама олиб бориш учун келган эди.
Мутахассисларнинг фикрича, келишувнинг бир неча жиҳатлари, жумладан, Вашингтоннинг Ҳамас қуролсизланиши ҳақидаги талаблари ва Ғазога халқаро хавфсизлик кучларини жойлаштириш масаласи ҳали ноаниқлигича қолмоқда.
Трамп Қатар Амири билан учрашувдан кейин журналистлар билан суҳбатда “отишмани тўхтатиш келишуви амалда эканини, агар бу бузилса, ҲАМАС билан муаммо ҳал қилиш қийин бўлмаслиги”ни айтди.
“Бу жуда тез амалга ошади. Лекин мен ушбу келишув ҲАМАС учун ҳам амал қилишини умид қиламан, чунки улар ҳам сўз берган”, деди у.
Трамп, шунингдек, Қатар ва бошқа мамлакатлар ҳарбийлари Ғазо учун мўлжалланаётган “халқаро барқарорлаштириш кучлари” таркибида бўлиши мумкинлигини айтди.
“Бизда 59 та мамлакат бор. Жуда кўп давлатлар бу ташаббусни қўллаб-қувватламоқда. Бу узоқ муддатли тинчлик бўлиши керак”, деди у.
Президентнинг сўзларига кўра, Ғазо учун хавфсизлик кучлари “жуда тез” шакллантирилиши мумкин. Ҳозирда улар раҳбарларни танлаш жараёнида.
Қатар ахборот агентлиги тарқатган маълумотга кўра, Air Force One бортидаги музокараларда томонлар “минтақада тинчликни қўллаб-қувватлаш, Ғазо урушини тугатиш бўйича келишувни мустаҳкамлаш ва унинг барча бандларини бажарилишини таъминлаш” каби масалаларни муҳокама қилган.
“Al Jazeera” мухбири Дорса Жаббарининг Доҳадан хабар беришича, бу учрашув Исроил ва АҚШнинг ҲАМАСга 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумлар пайтида олиб кетилган исроилликларнинг жасадларини қайтариш учун босими кучайган бир вақтга тўғри келмоқда.
“Бу баҳсли масала бўлиб турибди, Исроил ҲАМАС сўнгги тўрт кун ичида бирорта жасадни ҳам қайтармаганини айтмоқда. ҲАМАС эса, ўз навбатида, уруш ва кучли бомбардимонлар туфайли айрим ҳудудларга етиб бориш қийин бўлаётганини, шу сабабли вақт кераклигини билдирмоқда”, деди у.
Бу орада Исроил Ғазо бўйлаб ҳужумларини давом эттирмоқда ҳамда фаластинликларга гуманитар ёрдам етказилишини чекламоқда, бу эса ноустувор оташкесимни янада мураккаблаштирмоқда. Исроил қўшинлари Нусайрат қочқинлар лагеридаги автомобилга ҳужум қилиб, камида бир нафарни ўлдирди ва тўрт нафарни яралади.
Шунга қарамай, АҚШ расмийлари жамоатчиликка ижобий сигнал бермоқда. Улар бу ҳафта журналистларга келишувнинг “яхши суръатда илгарилаётгани, аммо ҳали ишлаш лозим бўлган жиҳатлар борлиги”ни таъкидладилар.
Рубио 25 октябрь куни алоҳида баёнот бериб, АҚШ расмийлари Ғазога кўпмиллатли кучларни жойлаштиришни тасдиқлайдиган БМТ резолюцияси ёки халқаро келишув бўйича таклифларни муҳокама қилишларини маълум қилди. Давлат котиби шунингдек, бу масала Қатарда бугун, 26 октябрь куни муҳокама қилиниши айтди.
“Бу ташаббусда иштирок этишга қизиқиш билдирган кўпгина давлатлар молиявий ёрдам, шахсий таркиб ёки иккаласи орқали бўлади-ми ўз ички қонунлари талаб қилгани сабабли БМТ резолюцияси ёки халқаро келишувга муҳтож бўлади. Шу боис, бизда бу режанинг асосий йўналишлари устида ишлаётган бутун жамоа бор”, деди Рубио.
Live
Барчаси