АҚШ Москвадан Россия империясининг 225 млрд доллар қарзини қайтаришни талаб қилди

Олам

image

АҚШнинг Noble Capital RSD инвестиция фонди Москвадан Россия империясининг қарз мажбуриятлари бўйича 225 миллиард доллар тўлашни талаб қилди. Шу билан боғлиқ даъво Россия Федерациясига, Россия Молия вазирлигига, Марказий банкка ва Миллий фаровонлик жамғармасига нисбатан Колумбия округи федерал судига топширилган. Бу ҳақда РБК хабар берди.

“Россия Федерацияси ҳокимият меросхўрлик доктринасини бузиб, ўзининг олдинги давр вакили – Россия империясининг олдиндан олган давлат қарз мажбуриятларини бажаришдан бош тортди ва ҳозир ҳам бош тортишда давом этмоқда”, дейилади даъво аризасида.

Noble Capital RSD ўзини 1916 йилда чиқарилган ва Нью Йоркдаги National City Bank (ҳозирги Citibank) орқали тарқатилган 25 миллион долларлик 5,5 фоизли Россия империяси облигацияларининг қонуний эгаси деб ҳисоблайди. Даъвогарнинг фикрича, Россия Совет Иттифоқи меросхўри сифатида ушбу қарзларни мерос қилиб олган ва фоизлар билан бирга улар камида 225,8 миллиард долларни ташкил этади. Ушбу сумма Россия йиллик бюджетининг 43 фоизига тенг (40,2 триллион рубль) ва “Сбербанк“, “Газпром” ва “Роснефть” компанияларининг бозор қийматидан ошади. Фонд қарзни 2022 йилда музлатилган Россия активлари ҳисобидан тўлашни таклиф қилмоқда. Шу билан бирга, АҚШда Россия Марказий банкининг тахминан 5 миллиард доллари блокланган, қолган маблағлар эса Европа мамлакатларида сақланмоқда.

Жавобгарларнинг манфаатларини Marks & So юридик фирмаси ҳимоя қилади. Россия Молия вазирлиги АҚШдаги даъво масаласи “Бош прокуратура ваколатида” эканини билдирган. Давлат Думасининг фуқаролик жамияти ривожи қўмитаси раисининг ўринбосари Сергей Обуховнинг айтишича, империя қарзлари “муддати ўтганлиги сабабли, шунингдек, Россия империянинг меросхўри эмаслиги сабабли тан олинмаслиги лозим”.

Юристларга кўра, илгари қарзни тан олиш ҳам суд қарорини ижро этишга имкон бермаган, лекин санкциялар сиёсати таъминот чораларини қўллаш ва активларни бошқариш имкониятини яратган. Шу билан бирга, даъвода айтилишича, бу хусусийлаштириш ёки мусодара ҳақида эмас, балки қарзни ҳисобга олиш орқали мажбуриятни бажариш шакли ҳақида.

Ҳуқуқшуносларнинг огоҳлантиришича, Россия активлари атрофидаги қўшимча юридик хавф ва ноаниқлик АҚШ ва Россия ўртасида Украинага оид музокара позицияларига таъсир қилиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ қарз Россия империяси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг