АҚШ кўмагида Ўзбекистонда Яшил водород хаби ташкил этилади
Жамият
−
02 Март
8841АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги USAID Ўзбекистоннинг тоза энергия мақсадларини қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббус – Яшил водород хабини яратишни тақдим этди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилди.
Билдирилишича, хаб минтақанинг келажакдаги энергетика ландшафтини шакллантириш ва Ўзбекистоннинг “Қайта тикланувчи ва водород энергиясини ривожлантириш стратегияси”га ҳисса қўшиш учун энергия сектори ходимларининг янги технологиялар бўйича малакасини оширишга ёрдам беради.
“USAID Марказий Осиё давлатларини тоза энергия ва энергетиканинг бошқа устувор йўналишларини ривожлантиришда қўллаб-қувватлашга содиқдир. Бу шунчаки мақсад эмас, балки зарурат ҳамдир. Биз барқарор келажак тоза ва самаралироқ энергия манбаларига ўтишда жамоавий саъй-ҳаракатларга боғлиқ эканига ишонамиз” дейди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори вазифасини бажарувчи Эдвард Михалски.
Таъкидланишича, яшил водород хаби концепцияси қайта тикланадиган энергия салоҳияти, сув мавжудлиги, тоза водород ишлаб чиқариш усуллари ва экспорт салоҳиятини баҳолайди.
Мазкур иш USAIDнинг Марказий Осиёда Энергия минтақавий энергетика лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда. Беш йилга мўлжалланган қиймати $39 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа энергетика сектори самарадорлигини ошириш, тоза энергия ривожланишини жадаллаштириш, минтақавий алоқа ва трансчегаравий энергия савдоси орқали энергия хавфсизлиги ва барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган.
Маълум қилинишича, фақатгина ушбу лойиҳа орқали USAID тоза энергияга $2,2 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя киритган ва шу кунгача Марказий Осиё бўйлаб 2241 мегаватт тоза энергия қувватини ўрнатишга ҳисса қўшган.
Сарвар Хуррамов
LiveБарчаси