АҚШ Кубани террорчилар ҳомийлари гуруҳига киритиши мумкин

Олам 1805
image

АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео Кубани халқаро террористик гуруҳларни қўллаб-қувватлайдиган давлатлар рўйхатига киритиш имкониятини кўриб чиқади. Бу ҳақда кеча, 29 декабрь куни “The New York Times” хабар берди.

Нашр манбаларига кўра, Давлат департаменти расмийлари таклифни тайёрлаган ва бу рўйхатга Кубани киритиш керак. Помпео режани тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилиши керак. Унинг қандай қарорга келиши ҳозирча аниқ эмас.

Қайд этилишича, ушбу қадам Куба Ҳукуматига қарши автоматик равишда АҚШ санкцияларини жорий этишга олиб келади ва Американинг сайланган Президенти Жозеф Байденнинг Республика билан муносабатларини нормаллаштиришини қийинлаштиради. Демократнинг инаугурацияси 2021 йил 20 январга белгиланган. Байден ўз лавозимига келганидан сўнг Кубани белгиланган рўйхатдан чиқариши мумкин, аммо бунгача ушбу рўйхатни қайта кўриб чиқиш жараёни бўлиб ўтиши керак. Бу жараён бир неча ой давом этиши мумкин.

Оқ уй ва Давлат департаменти нашрдаги гапларни тасдиқламаган. Ҳозирда Вашингтон Эрон, Шимолий Корея ва Сурияни терроризмга ҳомийлик қилувчи давлатлар рўйхатига киритган.

Қўшма Штатлар 1961 йилда оролда Америка мулкини миллийлаштиришга жавобан Куба билан дипломатик алоқаларни узди. Шундан сўнг, Вашингтон мамлакатга қарши савдо-иқтисодий эмбарго қўйилишини эълон қилди. 2014 йил декабрда, ўша пайтдаги АҚШ Президенти Барак Обама Вашингтоннинг Гаванага нисбатан илгари олиб борган сиёсати самара бермаганини тан олди ва икки томонлама алоқаларни нормаллаштириш ва Кубага қарши санкцияларни юмшатиш бўйича ҳаракат бошланганини эълон қилди. 2015 йилда Обама маъмурияти Кубани АҚШнинг терроризмга ҳомийлик қилувчи давлатлар рўйхатидан чиқарилишини эълон қилди.

Икки мамлакат ўртасидаги яқинлашиш республикачи Дональд Трамп 2017 йил январида АҚШ бошқарувини қабул қилиб олганидан кейин тўхтаб қолди. У фуқароларнинг Веспубликага саёҳат қилиш қоидаларини қатъийлаштирди ва Куба ҳарбийлари томонидан назорат қилинадиган ташкилотлар билан бизнес юритишни тақиқлади.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 24
Рейтинг: 3
Теглар
t
×