АҚШ Конгрессига Ўзбекистонга нисбатан савдо чекловини бекор қилиш бўйича ҳужжат киритилди
Жамият
−
19 Март 2021
6096Ўзбекистонга нисбатан “Жексон-Вэник” тузатишини тугатиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси АҚШ Вакиллар Палатасининг Халқаро алоқалар ҳамда Йўл ва воситалар қўмиталарига тақдим этилди. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги хабар берди.
Эшитувлар давомида қонунчилар Конгресс аъзоларини Ўзбекистонни ушбу Қонун ҳаракатидан чиқаришга чақирди.
Конгрессменлар ушбу ҳужжат ўтган аср ҳақиқатларини акс эттиришини ва минтақа мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистонга нисбатан қўлланилмаслиги кераклигини таъкидлаган.
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маълумотларига кўра, қонун чиқарувчилар томонидан киритилган ушбу ҳужжатда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан "нормал савдо алоқалари режимини" таъминлаш таклифи мавжуд.
Лойиҳага кўра, Конгресснинг Вакиллар палатаси ва Сенатидаги барча процедуралар қабул қилингандан ва АҚШ Президенти томонидан Ўзбекистон маҳсулотларига нисбатан юқорида айтиб ўтилган камситилмайдиган режим тақдим этилганидан сўнг, “Жексон-Вэник” тузатмасининг Ўзбекистонга нисбатан қўлланилиши тўхтатилади.
“Жексон-Вэник”га тузатишларни Ўзбекистонга татбиқ этишни тугатиш ташаббусидан сўнг Ташқи ишлар қўмитаси ушбу ҳужжатни кўриб чиқади ва пухта ўрганиб бўлгандан сўнг уни тасдиқлаши керак.
Бундан ташқари, ҳужжат Сенатга тасдиқлаш учун юборилади, шундан сўнг Оқ Уйга АҚШ Президенти Жозеф Байден томонидан имзоланиши учун тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, Жексон-Вэник тузатиши 1974 йилда Конгресс аъзолари Генри Жексон ва Чарльз Вэник томонидан 1974 йилги Савдо тўғрисидаги қонунга киритилган ҳуқуқий қоидадир. Тузатиш эркин эмиграцияни чеклаш ва давлат антисемитизми сиёсатини олиб борган мамлакатларга қарши савдо ва молиявий чекловларни жорий этиш мақсадида қабул қилинган. Собиқ иттифоқ тугатилгандан сўнг ушбу тузатиш МДҲ давлатлари, шу жумладан, Ўзбекистонга ҳам автоматик тарзда татбиқ этилган. Унга кўра, бозор иқтисодиётига эга бўлмаган мамлакатлардан АҚШга олиб кириладиган товарларга нисбатан алоҳида тарифлар ва божлар қўллаш, шунингдек, давлат кредитлари ва кредит кафолатлари беришни тақиқлаш назарда тутилган.
Бугун Ўзбекистон ушбу тузатиш таъсиридан вақтинча ("waiver") чиқарилган. Бу масала ҳар йили АҚШ Конгрессидаги тингловларда қайта кўриб чиқилмоқда.
LiveБарчаси