АҚШ компанияси Ўзбекистондаги лойиҳаларга 10 млрд доллар сармоя киритади
Жамият
−
19 Сентябрь 2023
4575Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрига амалий ташрифи давомида “Air Products” компанияси бошқаруви раиси, президенти ва бош ижрочи директори Сейфи Гасеми билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати маълум қилди.
Учрашувда АҚШ Давлат котибининг энергетика масалалари бўйича ўринбосари Жеффри Пайетт ҳам иштирок этган.
АҚШнинг етакчи компанияси билан стратегик шерикликни янада кенгайтириш масалалари, жорий лойиҳаларнинг бориши ва истиқболга мўлжалланган аниқ режалар кўриб чиқилган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда “Air Products” томонидан “Uzbekistan GTL”да саноат газларини қайта ишлаш, “Навоийазот” негизида синтез-газ, кислород ва азот, суюлтирилган карбонат ангидрид ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Маълумотларга кўра, кейинги икки йилда ушбу лойиҳаларнинг давоми сифатида компаниянинг 1 миллиард доллардан зиёд тўғридан-тўғри инвестициялари жалб қилинган.
Суҳбатда кўмирни газлаштириш, техник газлар, водород ва аммоний ишлаб чиқариш ҳамда аччиқ газларни утилизация қилиш бўйича истиқболли лойиҳалар кўриб чиқилган. “Air Products” экспертлари карбонсизлаштириш соҳасида зарур норматив-ҳуқуқий базани ишлаб чиқишда ҳам қатнашади.
Бундан ташқари, лойиҳалар портфелидан озиқ-овқат саноатига инновацион ишланмаларни жорий қилиш ўрин олган.
Учрашув якунида “Air Products” компаниясининг Ўзбекистон учун қиймати 10 миллиард доллардан зиёд бўлган янги инвестиция дастурини амалга ошириш бўйича келишувлар алмашилган.
“Ўзбекистон-АҚШ кўп қиррали ҳамкорлигини кенгайтиришга қўшган ҳиссаси ва мамлакатимиздаги ортга қайтмас ислоҳотларни қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Air Products” бошқаруви раиси Сейфи Гасемига шахсан юксак давлат мукофоти – “Дўстлик” орденини топширди”, дейилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарида.