АҚШ Киевга янги ATACMS ракеталарини етказиб беришга мойил – NBC 

Олам

image

АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти Украинани узоқ масофага учувчи замонавий ракеталар билан таъминлаш устида ишламоқда. Бу ҳақда кеча, 19 февраль куни номи ошкор этилмаган икки америкалик расмийга таяниб, Американинг NBC News телеканали хабар берди.

Қайд этиш жоизки, 2023 йилнинг кузида Қўшма Штатлар Украинага ATACMS ракета тизимларини етказиб беришни бошлаган, аммо ҳозиргача булар ўрта масофага эга бўлган камроқ замонавий моделлар эди. Телеканал суҳбатдошларининг айтишича, эндиликда Вашингтон Украинага “Россия назоратидаги Қрим яриморолида узоқ масофали зарбалар бериш” имконини берадиган ракеталарни етказишга мойил.

Мудофаа расмийларининг NBC News телеканалига айтишича, Қўшма Штатларда ATACMS тизимлари чекланган ва ўз захирасини тўлдириш учун уларни Украинага пулсиз юбориши даргумон. Шу билан бирга, агар Конгресс Украинага ёрдам бериш учун қўшимча маблағ ажратишни маъқулласа, узоқ масофага учувчи ATACMS ракеталари ушбу маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган биринчи ҳарбий ёрдам пакетларидан бирига киритилиши мумкин. 

“Агар маблағ маъқулланса, Қўшма Штатлар Украинага зудлик билан жўнатиш учун ҳам артиллерия, ҳам ўқ-дориларга эга”, дея қўшимча қилди расмийлар.

Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба 17 февраль куни Мюнхен хавфсизлик конференциясида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашув чоғида “ATACMS масаласини муҳокама қилишга кўп вақт сарфлаганини” айтган. Кулебанинг аниқлик киритишича, Украинага 300 км масофага эга ушбу комплекснинг модели керак, унинг ёрдами билан Украина Қуролли кучлари олдинги чизиқдан анча орқада жойлашган Россия армиясининг логистика ва таъминот занжирларини йўқ қилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 13 февраль куни АҚШ Сенати Украина, Исроил ва Тайванга 95,3 миллиард долларлик ёрдам пакетини маъқуллади. Шу билан бирга, Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон конгрессменлар катта эҳтимол билан ушбу қонун лойиҳасини рад этишини айтди, чунки ҳужжатнинг амалдаги таҳририда Республикачилар партияси талаб қилаётган АҚШнинг жанубий чегарасида назоратни кучайтириш харажатлари мавжуд эмас.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Киев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг