АҚШ Хоманаийни “тахт”дан ағдармоқчи

Таҳлил

Эронда 2 ҳафтадан ортиқ давом этаётган халқ қўзғолони шафқатсиз тус олди. Эрондаги тартибсизликларга АҚШ ва Исроил ошкора аралаша бошлади. Трамп томони Эрон Олий раҳномаси Оятуллоҳ али Хоманаийни ҳукуматдан ағдаришга чорлади.

Эрон бўйлаб норозиликлар давом этмоқда ва ҳозир намойишларнинг учинчи ҳафтаси давом етмоқда. Жараёнлар дастлаб иқтисодий қийинчиликлар – мамлакатдаги оғир инфляция, миллий валютанинг қадрсизланиши сабаб бошланган бўлса, кейинчалик бу Оятуллоҳ режимга қарши кенг кўламли сиёсий ҳаракатга айланди. Эрон ҳукумати 8 январдан бошлаб мамлакатда интернетни кенг қамровли узиб қўйди, бу норозиликлар ва ҳукумат кучлари ўртасидаги тўқнашувлар ортидан амалга оширилди. Ушбу интернет блокировкаси тармоқ мониторинг гуруҳи томонидан тасдиқланган. Интернетдан фақатгина юқори лавозимли амалдорларгина фойдаланиши мумкин. 10 январь куни сургундаги собиқ шаҳзода Ризо Паҳлавий АҚШ Президенти Дональд Трампдан мамлакатидаги оммавий норозилик намойишларига аралашиб, Оятуллоҳ режимини ағдаришда ёрдам беришни сўради. Шаҳзода норозилик намойишларига чиққан халқ қийналаётганини иддао қилган. Шаҳзода одамларни сон жиҳатидан устунликка эгалигини айтиб, хавфсизлик кучларига қарши чиқиб, озодлик учун курашишга чақирган.

“Халқ бугун нафақат ўқ-дориларга, балки алоқа узилиши ва интернет, телефон алоқасининг тўлиқ тўхтатилишига дуч келмоқда”. Айнан шу куни Лондондаги Эрон элчихонасида бир норозилик намойишчиси баланд қаватдаги балконча орқали элчихонанинг расмий Ислом Республикаси байроғини ечиб олиб, уни Эроннинг 1979 йилги Ислом инқилобидан олдинги “Шер ва Қуёш” байроғи билан алмаштирди. Байроқ бир неча дақиқа давомида кўтарилган, кейин эса олиб ташланган. Полиция бу шахсни тезда ноқонуний жойга кириш бўйича ҳибсга олди.

11 январь куни АҚШ сенатори Линдси Грэм Эрон халқига мурожаат қилиб, уларга Америка томонидан ёрдам бораётганини, Трамп Эронни яна буюк қилмоқчилигини айтди. Сенатор, яқин орада намойишларга чиққан Эрон халқига АҚШ томонидан кўмак бориши айтди. Грэм, шунингдек, тез фурсатларда Оятуллоҳ ва унинг шерикларини ҳокимият тепасидан ағдаришига ишора қилди.

“Узоқ давом этган даҳшатли тушингиз тез орада тугайди, ёрдам аллақачон йўлда. Сизнинг зулмга чек қўйишдаги жасоратингиз ва қатъиятингиз АҚШ Президенти ва эркинликни севувчи барча инсонлар томонидан эътироф этилди.

Баъзилар сургунда яшаётган собиқ валиаҳд шаҳзода Ризо Паҳлавийнинг қайтишини талаб қилмоқда. Шу куни Ризо Паҳлавий АҚШнинг “Fox” телеканалида яна Трампдан ёрдам сўраб мурожаат қилди.

“Эрон халқига билдирган бирдамлик сўзларингиз ва маъмуриятингизнинг позицияси жуда катта ижобий таъсир кўрсатди. Умид қиламизки, бу меросни Эронни озод этиш орқали абадий муҳрлаймиз ва биз ҳам, сиз ҳам Эронни яна буюк қила оламиз.”

Мухолиф Ризо Паҳлавий мамлакатда давом этаётган норозилик намойишлари янги босқичга ўтаётганини айтиб, эронликларга уларнинг ёлғиз эмаслигини ва яқин вақт ичида четдан ёрдам келишини маълум қилди. 

“Мен Ислом Республикасини ағдариш ва азиз Эронимизни қайтариб олиш учун миллий қўзғолоннинг янги босқичини эълон қиламан. Эрон ичида, шаҳарларнинг марказий кўчаларини эгаллаб, уларни назоратда ушлаб туришдан ташқари, режимнинг ёлғон тарғиботи ва алоқа воситаларини узиб қўйиш учун масъул бўлган барча муассаса ва идоралар қонуний нишонлар ҳисобланади. Давлат муассасалари ходимлари ҳамда қуролли ва хавфсизлик кучлари аъзолари олдида имконият бор: халқ томонига ўтиб, миллат билан бир сафда туриш ёки халққа қарши қотиллар билан ҳамкорликни танлаб, ўзларига миллатнинг абадий уяти ва лаънатини сотиб олиш”, деган у.


Шунингдек, Паҳлавий хориждаги эронликларга ҳам мурожаат қилиб, уларни Эрон элчихоналарини ҳам қайтариб олишга чақирган ва Ислом инқилобидан олдинги миллий байроқни – унда Ислом Республикаси рамзи ўрнига шер тасвири бўлган ва марказий чизиқда араб тилидаги “Аллоҳу акбар” ёзуви бўлмаган байроқни кўтаришни талаб қилган. Бундан ташқари, Паҳлавий халқаро ёрдам ҳам яқинлашаётганини айтган. Барча Эрон элчихоналари ва консулликлари Эрон халқига тегишлидир. Энди уларни Ислом Республикасининг шармандали байроғи ўрнига мамлакат миллий байроғи билан безаш вақти келди. Биз ёлғиз эмасмиз. Дунё бўйлаб ёрдам ҳам тез орада етиб келади. Кейинги хабарларимни кутинг”, деди Паҳлавий.


Эрон эса бунга жавобан АҚШни жиддий огоҳлантирди. Парламент йиғилишида депутатлар “Америкага ўлим!” дея ҳайқиришди. Шунингдек, парламент Оқ уй Эронга яна таҳдид қилса, Исроилни ҳам Қўшма Штатларни ҳам аяб ўтирмасдан нишонга олишини айтди.

“Хато ҳисоб-китоб қилмаслигингиз учун шуни билингки, Эронга ҳужум қилинган тақдирда Исроил ҳам, минтақадаги АҚШ ҳарбий базалари ҳам биз учун қонуний нишон бўлади. Халқ ўз келажагини ўзи белгилайди.”

Эрон Президенти Масъуд Пизишкиён фуқароларни миллий қаршилик маршида иштирок этишга ва зўравонликни қоралашга чақирган. У мамлакатни беқарорлаштиришга уринишларга йўл қўймаслигини айтиб, оммавий норозиликларни уюштиришда АҚШ ва Исроилни айблаган.

12 январь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Теҳрон АҚШнинг ҳарбий ёки тижорат объектларига ҳужум қиладиган бўлса, Эрон мисли кўрилмаган даражада кучли зарбаларга дуч келишини айтди. Трампнинг сўзларига кўра, агар Эрон бундай ҳужумни амалга оширса, АҚШ шундай куч билан жавоб берадики, Теҳрон бунга ишониши ҳам қийин бўлади. У Вашингтон ихтиёрида жуда кучли ва қатъий чоралар мавжудлигини таъкидлаган. Президент, шунингдек, Эрон “қизил чизиқ”ни кесиб ўтаётганини билдириб, АҚШ бу ҳолатга жавоб бериш вариантларини, жумладан ҳарбий чораларни ҳам кўриб чиқаётганини билдирди.

Эронга Америка кучларининг аралашуви фонида, Х (собиқ Тwitter) ижтимоий тармоғидаги Эрон байроғи ўзгартирилди. Яъни Эроннинг ҳозирги Ислом Республикаси байроғи белгиси (эможи) ўрнига 1979 йилгача ишлатилган “Шер ва Қуёш” рамзи туширилди.  Бу ўзгариш Х компаниясининг ўзи томонидан амалга оширилди: хабарларга кўра, Х’нинг маҳсулот бўйича раҳбари Никита Биерга бир фойдаланувчи бу байроқни ўзгартириш учун мурожаат қилган ва шу сўров асосида бир неча соатлар ичида Эрон Ислом Республикаси байроғи бурунги байроқ эможига янгиланган.

Ҳозирда Эрон ҳукумати илк бор намойишларни бостириш жараёнида дронлардан фойдаланиб, ҳаводан кузатув орқали норозилик билдираётганларнинг шахсини аниқламоқда. Шу сабабли ҳалок бўлганлар ва ҳибсга олинганларнинг аниқ сонини белгилаш ҳозирча имконсиз. Бироқ Инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи бир гуруҳ ходимларнинг ВВС’га берган маълумотига кўра, Эронда ҳозирга қадар 500 нафар тинч аҳоли, 50 га яқин ҳуқуқ-тартибот ходими ҳалок бўлган. Минглаб одамлар турли даражада тан жароҳати олган.

Мамлакатда куч ишлатар тузилмаларнинг ҳаракатлари тобора шафқатсиз тус олмоқда. Бу намойишлар аввалгилардан кескин фарқ қилади ва ҳукумат учун кутилмаган бўлди. Айрим ҳолларда шифохоналар ҳам хавфсиз эмас: яраланган намойишчилар куч тузилмалари томонидан олиб кетилиши мумкин, кўплаб ҳолатларда эса ҳалок бўлганларнинг жасадлари оила аъзоларига қайтарилмаяпти. Намойишлар давомида, жумладан, 23 ёшли талабани бошидан ўқ билан ўлдирилгани ҳақида хабарлар ҳам бор – бу воқеа ижтимоий тармоқларда кенг норозиликларга сабаб бўлмоқда. 

Қайд этиш жоизки, Эрон бўйлаб оммавий норозилик намойишлари 2025 йил 28 декабрдан бери, яъни 15 кундан буён давом этмоқда. Интернет ўчирилгани ва хавфсизлик кучларининг қаттиқ чораларига қарамай, Теҳрон ва бошқа йирик шаҳарларда минглаб одамлар кўчаларга чиқмоқда. Намойишчилар қозон-товоқларни уриб шовқин қилмоқда, “Хоманаийга ўлим” деган шиорларни ҳайқирмоқда, автомобиль ҳайдовчилари эса сигнал чалиб, уларни қўллаб-қувватламоқда.

Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасидаги ушбу видеорепортажни томоша қилинг.
 


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Трамп Исроил Ризо Паҳлавий Линдси Грэм Хоманаий Масъуд Пизишкиён

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг