АҚШ Хоманаий ва ўғлини йўқ қилмоқчи – ОАВ
Олам
−
21 Февраль 6894 2 дақиқа
АҚШ Эрон бўйича турли режаларни кўриб чиқмоқда. Улардан бири – Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ва унинг ўғли Мужтабо Хоманаийни йўқ қилишдир. Бу ҳақда Дональд Трампнинг юқори лавозимли маслаҳатчиларидан бири “Axios” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Манбанинг айтишича, “ҳар қандай ҳолат” учун режа бор. Лекин Президент қайси йўлни танлаши ҳозирча номаълум. Яна бир манба бу режа бир неча ҳафта олдин Трампга тақдим этилганини тасдиқлаган.
Шу билан бирга, АҚШ маъмурияти Эронга жуда чекланган, рамзий даражада уран бойитишга рухсат бериш вариантини ҳам кўриб чиқиши мумкин. Аммо бу ҳолатда атом бомбаси яратиш имкони мутлақо қолмаслиги шарт қилиб қўйилмоқда.
АҚШ расмийларига кўра, Эроннинг таклифи жуда ишончли бўлиши керак, чунки Трамп маъмурияти ичида ҳам, минтақада ҳам бу масалага шубҳа билан қараётганлар кўп. Уларнинг айтишича, агар Эрон ҳужумни олдини олмоқчи бўлса, АҚШни қониқтирадиган жиддий таклиф бериши керак.
АҚШ ва Исроил расмийлари ҳам Трамп яқин кунларда зарба бериш масаласини кўриб чиқиши мумкинлигини билдирган.
Сўнгги ойларда АҚШ ва Эрон муносабатлари янада таранглашган. Бироқ февраль ойида томонлар ядровий дастур бўйича мулоқотни тиклади. 17 февраль куни Женевада музокараларнинг навбатдаги босқичи якунланган.
Маълумотларга кўра, АҚШ махсус вакили Стив Уиткофф ва Трампнинг куёви Жаред Кушнер Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчига Вашингтон позицияси “нол даражада бойитиш” эканини айтган. Аммо айрим ҳолатларда жуда кичик, рамзий бойитишга оид таклиф бўлса, АҚШ уни кўриб чиқиши мумкин.
Воситачилар Уммон ва Қатар эса эҳтимолий келишув ҳар икки томон ўзини ғолиб деб кўрсата оладиган даражада бўлиши кераклигини таъкидлаган.
Айни пайтда, айрим расмийлар Женевадаги музокараларни самарасиз деб баҳолаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон билан муносабатлар кескинлашгани фонида Вашингтон Яқин Шарққа катта ҳарбий куч юборгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси