АҚШ Хитойга 100 фоизлик бож киритади
Олам
−
11 Октябрь 4375
Жорий йилнинг 1 ноябридан Америка Қўшма Штатлари Хитойга нисбатан қўшимча 100 фоизлик бож тўлови жорий этади. Бу ҳақда АҚШ Президенти Дональд Трамп ўзининг Truth Social тармоғида ёзиб қолдирди.
“2025 йил 1 ноябрдан бошлаб (ёки Хитой томонидан амалга ошириладиган кейинги ҳаракатлар ва ўзгаришларга қараб олдинроқ) АҚШ Хитойга қарши 100 фоизлик тариф жорий этади, бу улар ҳозир тўлаётган ҳар қандай тарифдан ташқари бўлади”, дейилади Трампнинг постида.
Шунингдек, шу санадан бошлаб АҚШ муқим аҳамиятга эга дастурий таъминот учун экспорт назоратини ҳам жорий қилади.
Трампнинг сўзларига кўра, бу чора Хитой томонидан 1 ноябрдан бошлаб деярли барча ишлаб чиқарилган маҳсулотларга нисбатан жорий этилиши режалаштирилаётган экспорт чекловларига жавоб бўлади.
“Бу халқаро савдода мисли кўрилмаган ҳолат бўлиб, бошқа давлатлар билан муносабатларда ахлоқий камситишдир”, деган Трамп
Қайд этиш жоиз, Хитой 9 октябрь куни ноёб ер металлари экспортига янги чекловлар киритишини эълон қилганди. “Bloomberg” маълумотларига кўра, бу қарор Трамп ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин ўртасида бўлиб ўтадиган учрашув олдидан Пекиннинг савдо мавқеини кучайтиришга қаратилган. Хитой дунёдаги ноёб ер металлари бозорининг 70 фоизини таъминлайди.
Трамп Хитой раҳбари билан учрашувни Жанубий Кореяда ўтказишни режалаштирган, у ерда 31 октябрдан 1 ноябргача APEC саммити бўлиб ўтади.
Янги қоидалар бўйича, Хитойда ишлаб чиқарилган ҳатто оз миқдорда ноёб ер металлари сақловчи маҳсулотларни экспорт қилувчи хорижий компаниялар ҳам махсус экспорт лицензияси олишлари керак бўлади. Бу талаб нафақат металларга, балки уларни қазиб олиш, қайта ишлаш, утилизация ва магнит материаллар ишлаб чиқариш технологияларига ҳам тааллуқли.
Лицензия икки мақсадли маҳсулотлар – яъни фуқаролик ва ҳарбий соҳада ишлатилиши мумкин бўлган материаллар учун ҳам мажбурий бўлади. Ҳарбий истеъмолчиларга мўлжалланган экспорт аризалари эса автоматик равишда рад этилади.
Хитой ҳукумати бу чораларни “миллий хавфсизлик ва давлат манфаатларини самаралироқ ҳимоя қилиш, шунингдек, халқаро мажбуриятларни бажариш, жумладан, тарқалиш устидан назоратни кучайтириш” зарурати билан изоҳлаган.