АҚШ Хитой билан ноёб металлар бўйича битим тузди – Трамп

Олам

image

Кеча, 11 июнь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Хитой билан савдо музокараларида илдамлашув ҳақида эълон қилди ва Пекин дунёдаги энг йирик иқтисодиётга “магнитлар ва зарур бўлган ҳар қандай ноёб ер элементлари”ни етказиб беришни назарда тутувчи янги келишув имзоланганини алоҳида таъкидлади.

Ноёб ер элементлари турли хил юқори технологияли соҳалар учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, Хитой уларнинг асосий етказиб берувчиси ҳисобланади. AFP агентлигининг қайд этишича, мазкур келишув икки иқтисодий держава ўртасидаги савдо муносабатларидаги тарангликни юмшатишга қаратилган муҳим қадам бўлиши мумкин.

Бу келишув Лондонда ўтказилган икки кунлик музокаралар натижасида эришилган бўлиб, унда ноёб ер элементлари экспорти асосий мавзулардан бири бўлган. Трампнинг айтишича, ҳали расман тасдиқланиши керак бўлган ушбу битимда Хитой талабаларига АҚШ коллеж ва университетларида таҳсил олишни давом эттириш имкониятини берувчи банд ҳам мавжуд.

“Хитой билан келишув тузилди, у раис Си ва мен томонимиздан якуний тасдиқланиши керак. Магнитлар ва ҳар қандай зарур ноёб ер металлари Хитой томонидан олдиндан етказиб берилади. Ўз навбатида, биз ҳам Хитойга келишув бўйича белгиланган шартларни, жумладан хитойлик талабалар учун таълим имкониятларини берамиз (мен бунга ҳар доим рози бўлганман!). Бизнинг улушимиз 55 фоизлик божлар, Хитойники эса 10 фоиз. Муносабатларимиз ажойиб! Ушбу мавзуга эътибор берганингиз учун раҳмат!” деб ёзди Трамп ўзининг Truth Social платформасида.

АҚШ ва Хитой ўртасидаги икки кунлик музокаралар кеча кечқурун Лондонда якунланди. Унда асосий эътибор минерал ресурслар ва технологиялар экспорти юзасидан можарони бартараф этиш йўлларини қидиришга қаратилган, бу можаро эса май ойида Женевада эришилган муваққат савдо тинчлигига путур етказган эди.

Айни пайтда, АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдодаги асосий келишмовчиликлар — жумладан, Хитойнинг катта савдо профицити — бўйича жиддий илдамлашув бўлгани ёки йўқлиги аниқ эмас. Ўтган ҳафтада Трамп Хитой раҳбари Си билан телефон орқали суҳбатлашган ва тарангликни юмшатишга уринган. Хитойнинг савдо вазири ўринбосари Ли Чэнганнинг маълум қилишича, томонлар Женевада эришилган келишувни амалга ошириш учун тузилма яратишга келишиб олган.

Вашингтон ва Пекин ўртасидаги савдо можароси 2025 йил февралда Трамп Хитойга қарши савдо урушини бошлаганидан бери авж олган. Икки томон бир неча марта бож тарифлари билан жавоб қайтарган, бу эса жаҳон бозорларида ноаниқликка сабаб бўлган. Апрель ойида Трамп Хитой маҳсулотларига импорт божларини 145 фоизгача оширган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Хитой

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг