АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилишини текшириш буюрилди
Олам
−
21 Май
6232АҚШ Мудофаа вазири Пит Хегсет 2021 йилда америкалик қўшинларнинг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши ҳолатларини текшириш бўйича комиссия тузишни буюрди. Бу ҳақда Пентагон раҳбари Х ижтимоий тармоғида эълон қилган ҳужжатда айтилади.
“Охирги уч ой давомида вазирлик қуролли кучларимиз тарихидаги ушбу ҳалокатли воқеаларни кўриб чиқди. Мен бу воқеалар учун жавобгарликни таъминлаш ва Америка халқига тўлиқ тасаввурни тақдим этиш учун кенг қамровли тергов ўтказишимиз керак, деган хулосага келдим”, дейилади эслатмада.
Хегсет 2021 йил 26 август куни Қобул аэропортида содир этилган терактда 13 нафар ҳарбий хизматчи ва 170 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлганини эслатган. Унинг билдиришича, махсус комиссия олдинги текширувлар доирасида тузилган ҳисоботларни ўрганиши ва АҚШ тарихидаги энг қоронғу ва энг ҳалокатли дақиқалардан бирига олиб келган қарор қабул қилиш жараёнини таҳлил қилиши керак.
2021 йил 14 апрелда АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Жо Байден Афғонистондаги операцияни тўхтатишга қарор қилганини эълон қилди, бу Америка тарихидаги хориждаги энг узоқ ҳарбий кампанияга айланди. Қўшма Штатлар бу урушни 2001 йилнинг октябрь ойида бошлаган. 2010-2013 йиллардаги амалиёт чўққисида Афғонистондаги Ғарб кучлари сони 150 минг кишидан ошди. Америка қўшинларини олиб чиқиш 2021 йил май ойида старт олган.
Қўшма Штатлар ўз қўшинларини олиб чиқиш ниятини эълон қилганидан сўнг, “Толибон” ҳаракати Афғонистон устидан назорат ўрнатиш бўйича йирик операцияни бошлади. 2021 йил 15 август куни Афғонистон президенти Ашраф Ғани хорижга қочиб кетди ва “Толибон” жангсиз Қобулга кирди. 2021 йил сентябрь ойи бошида АҚШ қўшинлари Афғонистонни бутунлай тарк этган эди.
LiveБарчаси