АҚШ қонунчилари Россияни жазолаш масаласида келишолмаяпти

Олам

image

АҚШ Конгресси Сенати Россия Украинага бостириб кирса, унга қарши санкциялар жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси бўйича келишувга эриша олмаяпти. Бу ҳақда “Bloomberg” агентлиги хабар берди.

Аввалроқ, Америка Ташқи ишлар қўмитаси раиси Роберт Менендес (Нью-Жерси штати демократи) бошчилигидаги бир гуруҳ демократлар Сенатга 2022 йилги Украина суверенитетини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этганди. Ушбу лойиҳа Россия Президентига, Бош вазирга, Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирликлари раҳбарларига, мамлакат Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғига ва ҳарбий раҳбариятнинг бошқа вакилларига нисбатан санкцияларни қўллашни назарда тутади. Бундан ташқари, санкциялар “Шимолий оқим-2” газ қувурига ҳам таъсир қилиши мумкин. Шунингдек, қонун лойиҳаси кейинроқ Конгресс Вакиллар палатасига ҳам киритилган.

Қайд этилишича, қонун лойиҳасини қабул қилиш учун демократлар республикачиларнинг ёрдамига муҳтож. Бироқ улар қонун лойиҳасининг асосий бандига, энг қаттиқ санкциялар Россия Украинага бостириб кирсагина жорий этилиши мумкинлигидан норози.

Маълум қилинишича, республикачилар АҚШ бу чораларни Украина билан бирдамлик кўрсатиш ва Россияни аллақачон қилган ҳаракатлари учун "жазолаш" учун олдиндан қўллаши кераклигини таъкидламоқда. 

Айтиш жоизки, январь ойи ўрталарида республикачи сенатор Тед Круз (Техас) “Шимолий оқим 2” газ қувурига қарши зудлик билан санкциялар қўллаш ҳақидаги қонун лойиҳасини овозга қўйган эди. Бироқ, бу ташаббус демократлар томонидан тақиқланган. 

Президент Жо Байден бошчилигидаги АҚШ маъмурияти “Шимолий оқим-2” га қарши чораларини кўриш Москванинг жаҳлини чиқариши ва Украина атрофидаги вазиятнинг кескинлашувига сабаб бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди. 

Шундай қилиб, бир ойдан ортиқ вақтдан бери умумий қонун лойиҳасини келишишга уринишлар давом этмоқда. “Bloomberg”га кўра, сенатнинг иш дастурида қарор лойиҳасига ой охиригача овоз бериш назарда тутилмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия санкция

Баҳолаганлар

300

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг