АҚШ қидирувга берган “хавфли террорчи” Қобулда кўриниш берди
Олам
−
05 Март 2022
13393Америка Қўшма Штатлари томонидан хавфли террорчи сифатида қидирувга берилган, “Толибон” томонидан тузилган Афғонистон ҳукумати Ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний илк бор Қобулда омма олдида чиқиш қилди. Бу ҳақда Афғонистоннинг “1ТВ” телеканали хабар берган.
У Афғонистон Ички ишлар вазирлиги назорати остидаги Афғонистон полиция академияси курсантларига диплом топшириш маросимида иштирок этган. Ҳаққоний ўз нутқи давомида Афғонистондан қочган фуқароларни ўз ватанларига қайтишга чақирар экан, “Толибон” томонидан қабул қилинган амнистиядан сўнг уларнинг Афғонистондаги шахсий хавфсизлиги ва мулкига ҳеч нарса таҳдид солмаслигига ишонтирган.
Мамлакатда “Толибон” ҳокимиятга келганидан сўнг, Ҳаққоний турли вилоятларда маҳаллий расмийлар билан учрашувлар ўтказган ва вазирликда хорижий давлатлар вакилларини қабул қилган.
Ҳаққоний Афғонистонда, асосан Қобулда кўплаб терактлар уюштиргани билан танилган “Толибон”га алоқадор “Ҳаққоний тармоғи”нинг етакчиси.
АҚШ Давлат департаменти уни ўта хавфли халқаро террорчи деб тан олган ва унинг қаерда эканлиги ҳақидаги маълумот учун 10 миллион доллар мукофот таклиф қилган.
2007 йилда Ҳаққоний экстремистик фаолияти, “Ал-Қоида” террорчилик тармоғи ва халқаро террорчи Усама бин Ладен билан алоқаси учун БМТ санкциялари рўйхатига киритилган.
Жорий йилнинг февраль ойида Ҳаққоний АҚШ тузган террорчилар рўйхатида ўз исмининг борлиги бутун афғон халқи учун зарар эканини айтган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь