АҚШ Исроилдан Эроннинг нефть объектларига зарба бермасликни сўради
Олам
−
10:16 1755 2 дақиқа
АҚШ Исроилдан Эроннинг энергетика, айниқса нефть инфратузилмаси объектларига зарба беришни тўхтатишни сўраган. Бу ҳақда “Axios” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, бу Исроил Мудофаа армиясининг Эронни бомбардимон қилаётган ўн кунлик даври мобайнида Вашингтон томонидан унинг ҳаракатларини чеклашга қаратилган биринчи ҳолат ҳисобланади. Илтимос юқори сиёсий даражада ҳамда Исроил Қуролли кучлари Бош штаби раҳбари Эял Замирга етказилган.
Дональд Трамп маъмурияти бу қарорнинг учта асосий сабабини келтирган:
- Энергетика объектларига зарбалар оддий эронликларга зарар етказмоқда, уларнинг катта қисми ҳозирги режимга қарши экани айтилмоқда;
- Трамп бомбардимонлар тугаганидан кейин Эрон нефть соҳаси билан ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳолат Венесуэла билан амалга оширилган ҳамкорликка ўхшаш бўлиши мумкин;
- Бундай зарбалар Эроннинг Форс кўрфази мамлакатларидаги энергетика инфратузилмасига кенг кўламли жавоб ҳужумларини келтириб чиқариши мумкин.
Манбага кўра, Трамп Эрон нефть объектларига зарба беришни охирги чора сифатида кўрмоқда. Бу вариант фақат Эрон аввал Форс кўрфази давлатларидаги нефть инфратузилмасига ҳужум қилган тақдирда қўлланиши мумкин.
Аввалроқ, Трамп Truth Soccial ижтимоий тармоғида, агар Эрон Ҳормуз бўғози орқали нефть оқимини тўхтатса, АҚШ зарбалар кучини 20 бараварга оширишини айтган. Унинг таъкидлашича, АҚШ осон нишон бўлган объектларни йўқ қилиши мумкин ва бу Эроннинг давлат сифатида тикланишини деярли имконсиз қилиб қўяди. Шу билан бирга у бундай чоралардан фойдаланишни истамаслигини ҳам билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон ҳарбийлари Ҳормуз бўғозини миналашни бошлаган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси