АҚШ Исроил-ҲАМАС музокараларидан чиқди
Олам
−
25 Июль 3586 2 дақиқа
АҚШ ҲАМАСнинг сўнгги ўт очишни тўхтатиш таклифига билдирган жавобидан сўнг, музокаралардан чиқди. Бу ҳақда АҚШ Президентининг махсус вакили Стив Уиткофф Х тармоғида ёзиб қолдирди.
Уиткоффга кўра, АҚШ делегацияси Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларда қатнашиб турган жойи – Қатар пойтахти Доҳадан АҚШга қайтарилади.
Унинг қўшимча қилишича, ҲАМАСнинг берган жавоби “Ғазода ўт очишни тўхтатиш истаги йўқлигини очиқ-ойдин кўрсатмоқда”.
Уиткоффнинг айтишича, энди Вашингтон гаровдагиларни уйларига қайтариш учун муқобил вариантларни кўриб чиқмоқчи ва Ғазо аҳолиси учун янада барқарор муҳит яратишга ҳаракат қилади. АҚШ делегацияси “консультация учун” чақириб олинган.
“Шармандалик, ҲАМАС шунчалик ўз манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилмоқда. Биз бу можарога барҳам беришга ва Ғазода доимий тинчлик ўрнатишга қатъий бел боғлаганмиз”, деган Уиткофф.
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги РБК’га берган изоҳида Исроил гаровдагилар ва Ғазо сектори борасида келишувга эришишни истаётгани, бироқ ҲАМАС томонидан бундай хоҳиш сезилмаётгани, шунинг учун “сабр тугаётганини” билдирган. Агар музокаралар натижа бермаса, Исроил томони Ғазодаги ҳарбий амалиётларни аввалгидек ёки ундан ҳам оғир шаклда давом эттириш билан таҳдид қилган.
Исроил ҳам музокарачи делегациясини маслаҳатлашув учун чақириб олган. Бироқ CNN исроиллик манбага таяниб хабар беришича, бу қарор музокаралардаги инқироз белгиси эмас. Манбага кўра, Исроил делегацияси музокаралар ҳолатини баҳолаш мақсадида чақириб олинган.
“The Washington Post” нашрининг ёзишича, ҲАМАС сўнгги 40 йилдаги энг катта молиявий инқирозга дуч келган.
Маълумот учун, кеча, 24 июль тонгида ҲАМАС Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод қилишга оид сўнгги таклифга жавоб берганини эълон қилди. ҲАМАСнинг аввалги жавоби воситачилар томонидан “қабул қилиб бўлмайдиган” деб топилиб, АҚШ ва Исроилга ҳатто етказилмаган. Воситачилар ҲАМАСдан “янада оқилона” таклиф кутаётганини билдирган.
Хусусан, манбанинг сўзларига кўра, ҲАМАС ўшанда Исроил кучлари ортга чекиниши керак бўлган чизиқдан ҳам орқароққа кетишини талаб қилган.
Исроил Бош вазири девони ҲАМАСнинг энг сўнгги жавобини олганини тасдиқлаган ва у ҳозир ўрганилаётганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос Буюк Британия собиқ бош вазири Тони Блэр билан учрашув чоғида Ғазодаги вазиятнинг ягона ечими Исроил қўшинларининг босиб олинган ҳудудлардан тўлиқ олиб чиқилиши эканини айтганди.
Live
БарчасиНавоийда Қорбоболар паради ўтказилди
25 Декабрь
Мария Захарова 50 ёшга тўлди
25 Декабрь