АҚШ илмли русларни ўзига оғдирмоқчи 

Олам 11596
image

Оқ уй олий маълумотли россияликларни АҚШда ишлашга жалб қилиш учун улардан айрим виза талабларини олиб ташлаш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” манбаларига таяниб хабар берган.  

Агентлик маълумотларига кўра, АҚШ расмийлари Россия раҳбариятини фан, технология, муҳандислик ва математика соҳасидаги мутахассислардан маҳрум қилиш режасини ишлаб чиқмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг бир қисми сифатида Жо Байден маъмурияти Конгрессдан АҚШ иш визасига мурожаат қилган россиялик мутахассислар учун ишга жойлашиш талабини тасдиқловчи ҳужжатни олиб ташлашга рухсат сўраган. 

Таъкидланишича, бу ташаббус Украинага ёрдам бериш учун қонунчиларга юборилган қўшимча маблағ сўровига киритилган. 

Қайд этилишича, АҚШ космик технологиялар, киберхавфсизлик, илғор технологиялар ва компьютер тизимлари, ядро технологиялари, сунъий интеллект, ракета двигателларини яратиш ва бошқа соҳаларда тажрибага эга магистрлар ва илмий даража эгаларини жалб қилмоқчи. 

Миллий хавфсизлик кенгашининг Оқ уйдаги исмини ошкор этмаган вакили бу ташаббус Россия Федерациясининг яқин келажакда “юқори технология ресурсларини заифлаштириш”га, узоқ муддатда эса “инновация базаларига путур етказишга” қаратилганини тасдиқлаган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 448
Рейтинг: 3
t
×