АҚШ иккиюзламачилик қиляпти – Расмий Теҳрон
Олам
−
24 Октябрь 2022
9936АҚШнинг Эрон ядровий дастури бўйича Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасини (ҚКҚҲР) тиклаш бўйича позицияси иккиюзламачиликдир. Бу ҳақда бугун, 24 октябрь куни Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Носир Канани маълум қилди.
“Америкаликлар турли каналлар орқали бир неча бор хабарлар жўнатишди ва келишувга қайтишга тайёр эканликларини таъкидладилар. Агар америкаликлар [ҚКҚҲРни тиклаш] режалари йўқлигини расман эълон қилсалар, нега улар воситачилар орқали хабарлар жўнатмоқда ва келишувга қайтишга тайёрлигини таъкидламоқда?”, дейилади Кананининг Ташқи ишлар вазирлиги сайтида чоп этилган баёнотида.
Ҳужжатда Канани америкаликларни иккиюзламачилар деб таърифлаган.
“Афтидан, америкаликлар келишувга қайтмоқчи ва бунинг учун ҳеч нарса тўламоқчи эмас”, дея қўшимча қилди у.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ қўзғолонларнинг иштирокчиси ва Эрондаги исёнчиларни қўллаб-қувватлайди.
“Америкаликлар Эронни қўрқитиш ва провокация йўли билан бир томонлама ён босишга мажбурлай олмайди. Эрон ҚКҚҲРга содиқдир, агар АҚШ ҳам келишув шартларига содиқ бўлса...”, дейди Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс ўтган ҳафта Эрон ядровий дастури бўйича Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасини тиклаш ҳозирда АҚШ маъмуриятининг диққат марказида эмаслигини, чунки томонлар ўртасидаги келишмовчиликлар жуда катта эканини айтди. Унинг таъкидлашича, АҚШ Эрон раҳбариятини ўз мамлакатидаги тинч намойишчиларга қандай муносабатда бўлгани учун жавобгарликка тортишга ва бу намойишчиларни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратган.
Эроннинг ядровий дастури бўйича Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасини Эрон ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари: Россия, Хитой, АҚШ, Буюк Британия, Франция ва БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо бўлмаган Германия гуруҳи имзолаган. У Теҳронга қарши санкцияларни босқичма-босқич олиб ташлашни, шу жумладан унинг нефть ва нефть маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича барча тақиқларни, мамлакат ядровий дастурининг эксклюзив фуқаролик характерини таъминлаш чораларини кўришни назарда тутган. 2018 йилда Қўшма Штатлар ҚКҚҲРдан чиқди ва унинг амалга оширилишини бутунлай тўсиб қўйди. 2021 йилдан буён келишувни қайта тиклашга бир қанча уринишлар бўлиб, ҳали натижа бермади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь