АҚШ Гуантанамо қамоқхонасидаги энг кекса маҳбусни озод қилади
Олам
−
19 Май 2021
9273АҚШ Гуантанамо қамоқхонасидаги энг кекса маҳбус, покистонлик 73 ёшли Сайфулла Парачанинг озод қилинишини эълон қилди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берган.
Эркакнинг адвокати унинг мижози “Ал-Қоида” ташкилоти билан алоқада бўлганликда гумон қилиниб ҳибсга олинганини маълум қилган. Парача маҳбусларни назорат қилиш комиссияси томонидан яна икки киши билан бирга оқланган.
Унинг сўзларига кўра, АҚШдан келган хабарномада қарорнинг батафсил асослари берилмаган, фақат Парача Америкага “доимий таҳдид солмаслиги” кераклиги айтилган.
Манбага кўра, Парача Нью-Йоркда яшаган ва у ерда кўчмас мулкка эгалик қилган. Расмийлар уни 2001 йил 11 сентябрдаги терактда икки фитначига молиявий операция ўтказишда ёрдам берган “Ал-Қоида”нинг “воситачиси” деб даъво қилган.
Маҳкумнинг ўзи унинг “Ал-Қоида” ташкилоти эканлигини билмаганини айтган ва терроризмга алоқадорлигини рад этган.
Маълумот ўрнида, Гуантанамо қамоқхонаси АҚШ Ҳукумати томонидан турли хил жиноятлар, хусусан, терроризм ва душман томонида уруш олиб боришда айбланган шахслар учун лагердир. У худди шу номдаги шаҳардан 30 км узоқликда жойлашган Гуантанамо кўрфазидаги (Куба) АҚШ денгиз флотининг муддатсиз ижарага олинган базасида жойлашган.
Қамоқхона 2002 йилнинг январь ойида АҚШ Президенти кичик Жорж Буш маъмуриятининг антитеррор дастури доирасида жуда хавфли жиноятчиларни ҳибсга олиш муассасаси сифатида ташкил этилган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг февраль ойида АҚШ Президенти Жозеф Байден маъмурияти Гуантанамо қамоқхонасини ёпиш жараёнини бошлаган эди. Қамоқхонани ёпиш тўғрисидаги буйруқ АҚШнинг собиқ Президенти Барак Обама томонидан 2009 йил 21 январда имзоланган. Лагерь бир йил ичида ёпилиши керак эди, аммо фармон бажарилмаган. 2018 йил бошида АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп Гуантанамо қамоқхонасини сақлаб қолиш тўғрисидаги буйруқни имзолаган.
LiveБарчаси