АҚШ фуқароларини Беларусни тарк этишга чақирди
Олам
−
22 Август 2023
4536Минскдаги АҚШ элчихонаси Беларусдаги америкаликларни мамлакатни дарҳол тарк этишга, бошқа барча Америка фуқароларини эса Беларусга бормасликка чақирди. Бу ҳақда элчихонанинг X (Twitter)даги саҳифасида баёнот берилди.
“Литва ва Латвия билан қолган чегара пунктлари орқали ёки самолётда кетишни ўйлаб кўринг. АҚШ фуқароларига Беларусдан қуруқлик орқали Польшага киришга рухсат берилмайди. Россия ёки Украинага саёҳат қилманг”, дейилади америкалик дипломатларнинг тавсияларида.
АҚШ фуқароларининг саёҳат қилишдан тийилиши сабаблари орасида элчихона Украинадаги можаро шароитида Беларусь расмийларининг Россияга ёрдам кўрсатишини, Россия ҳарбийларининг мамлакатда мавжудлигини, шунингдек, тартибсизлик эҳтимоли ортишини кўрсатган.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 18 августга ўтар кечаси Литва ҳукумати Беларусь билан чегарадаги иккита чегара ўтиш пунктини мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид солиши сабабли ёпди. Шундан сўнг, Беларусь фуқаролари учун мамлакатдан ЕИга чиқиб кетиш қийинлашган.
Беларусда иккита назорат-ўтказиш пунктини ёпиш тўғрисидаги қарор нодўстона қадам деб аталди. Минскнинг фикрича, Литва атайлаб чегарада навбатлар яратиш учун шарт-шароит яратмоқда.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 28 август куни Литва, Латвия ва Польша расмийлари Варшавада Беларусь билан барча чегара пунктларини бутунлай ёпиш имкониятини муҳокама қилмоқчи. Ҳозиргача олтита чегара постидан тўрттаси ишламоқда.