АҚШ Эроннинг “соядаги нефть флоти”га қарши янги санкциялар киритди

Олам

image

АҚШ Эроннинг нефть ва нефть-кимё саноати компаниялари ва унга алоқадор шахсларга нисбатан санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Маълумотларга кўра, кеча, 24 февраль куни Қўшма Штатлар Эрон нефть саноатига қарши санкцияларнинг янги босқичини жорий қилиб, Эрон нефтини ташиш билан шуғулланувчи жисмоний шахслар, танкер операторлари ва юк ташиш компанияларига Эрон нефтини сотиш ва ташишдаги роли учун санкция киритган.

 “Эрон ўзининг нефть савдосини осонлаштириш ва фаолиятини молиялаштириш учун кемалар, юк жўнатувчилар ва брокерларнинг яширин тармоғига таянишда давом этмоқда. Қўшма Штатлар Эрон нефть таъминоти занжирининг барча тармоқларини нишонга олиш учун мавжуд воситаларининг барчасини қўллайди ва Эрон нефти билан шуғулланадиган ҳар бир киши ўзини жиддий санкциялар хавфига дучор қилган бўлади”, дейди АҚШ Молия вазири Скотт Бессант.

Қайд этилишича, нефть Эрон учун асосий даромад манбаи ҳисобланади. Хитой АҚШ санкцияларини тан олмайди ва Эрон нефтини энг кўп Хитой фирмалари сотиб олади. Хитой ва Эрон юандан ва воситачилар тармоғидан фойдаланадиган савдо тизимини қуриб, доллар ва АҚШ регуляторлари таъсиридан қочади.

Маълумот учун, жорий йилнинг февраль ойи бошида Трамп Эронда нефть экспортини нолга туширишга қаратилган саъй-ҳаракатларни ўз ичига олган “максимал босим” компаниясини тиклаган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Молия вазири Скотт Бессант АҚШ Эронга қарши санкцияларни кучайтирмоқчилигини, оқибатда Теҳрон ҳозирги экспортининг атиги 10 фоизидан камроғини сотиш имкониятига эга бўлишини, зарур бўлса, Россияга ҳам шундай қаттиқроқ чоралар қўлланиши мумкинлигини айтган эди.

Бунёд Келдибоев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

АҚШ Эрон Хитой соядаги нефть флоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг