АҚШ Эрон нефтининг 90 фоизини дунё бозоридан чиқариб ташламоқчи

Олам

image

АҚШ Эронга қарши санкцияларни шунчалик кучайтиришни режалаштирмоқдаки, оқибатда Теҳрон ҳозирги экспортининг атиги 10 фоизидан камроғини сотиш имкониятига эга бўлади. Зарур бўлса, Россияга ҳам шундай қаттиқроқ чоралар қўлланиши мумкин. Бу ҳақда АҚШ Молия вазири Скотт Бессант маълум қилди.

“Биз эронликларни кунига атиги 100 минг баррель нефть экспорт қилишга мажбур қилмоқчимиз”, деди Бессент.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда Эроннинг кунлик экспорти 1,5-1,6 миллион баррелни ташкил қилади. Январь ҳолатига кўра, мамлакат кунига 3,32 миллион баррель нефть қазиб олмоқда. “Bloomberg” маълумотларига кўра, бу кўрсаткич 2018 йилда Дональд Трамп Эроннинг ядровий дастури бўйича келишувдан чиқиб, унга қарши санкцияларни кучайтирганидан бери энг юқори даражага яқинлашган.

Ўтган ҳафта Трамп ўз администрациясига Эронга иқтисодий босимни кучайтириш бўйича кўрсатма берган.

“Хитой ва эҳтимол, Ҳиндистон санкция остидаги Эрон нефтини сотиб олмоқда. Бу эса қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат, чунки бу даромадлар Теҳронга бутун дунё бўйлаб террорчилик фаолиятини молиялаштиришга имкон яратмоқда”, деди Бессент.

Бессентга кўра, Эрон Сурия собиқ президенти Башар Асад режимини, Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатини, Ямандаги ҳусийларни қўллаб-қувватлаган. Бундан ташқари, Эрон Россияга Украина урушида ишлатилаётган жанговар дронларни етказиб берган, уларнинг Татаристонда ишлаб чиқарилишини йўлга қўйишда ёрдам берган ҳамда Москвага ракеталар сотган.

“Экспорт ҳажмини кунига 100 минг баррелга тушириш Эронни жиддий иқтисодий инқирозга олиб келади”, деди Бессент.

Унинг сўзларига кўра, мамлакат иқтисодиёти жуда заиф, чунки ғоят юқори инфляция ва улкан бюджет тақчиллиги кузатилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Ташқи ишлар вазирлиги сўзловчиси Исмоил Багай АҚШ Молия вазирлигининг Эрон нефтини Хитойга етказиб беришга ёрдам берган шахслар, юридик шахслар ва кемаларга нисбатан санкциялар жорий этиш ҳақидаги қарорини кескин қоралаган эди. У АҚШнинг Эрон нефть саноатига қарши янги санкцияларини мутлақо асоссиз ва халқаро қоидалар ҳамда стандартларга зид деб атаган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Эрон нефти Скотт Бессант

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг