АҚШ Эронга нисбатан босимни кучайтиришни тўхтатди – WSJ

Олам

image

Оқ уй Эронга қарши янги санкцияларни жорий этишда пауза қилишни буюрди. Бу ҳақда кеча, 1 июнь куни манбаларга таяниб, “Wall Street Journal” хабар берди.

Қайд этилишича, ўтган ҳафта Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт Давлат департаменти, Ғазначилик департаменти ва Миллий хавфсизлик кенгашига “Эронга қарши янги санкциялар жорий этиш бўйича барча фаолиятни тўхтатишни” талаб қилган кўрсатма йўллаган. Натижада АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Эронга “максимал босим” ўтказиш кампанияси амалда тўхтаб қолган.

Ливиттнинг ўринбосари Анна Келли нашрга берган изоҳида бу маълумотни тўғридан тўғри рад этмади, бироқ “ё Оқ уй ёки тегишли идоралар санкциялар масаласи бўйича ҳар қандай янги қарорни эълон қилишини” айтди.

“Вашингтон охирги марта 21 май куни Теҳронга нисбатан чекловлар киритган ва ўшандан бери Ғазначилик янги санкциялар эълон қилинишини камида икки марта кечиктирди”, деб ёзади газета.

Нефть сотиш ва музлатилган Эрон активлари бўйича асосий чекловлар ўз кучида қолиши мумкин. Бироқ Трамп маъмуриятининг баъзи расмийлари ушбу паузанинг давомийлиги ва кўлами ҳақида аниқлик йўқлигидан хавотирда. Айрим ходимларнинг фикрича, бундай ёндашувдан мақсад Эроннинг ядровий дастури бўйича нозик музокаралар нуқтаи назаридан бўлажак чеклов чораларини синчковлик билан таҳлил қилишдир.

30 май куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Вашингтон ва Теҳрон яқин орада Эрон ядро дастури бўйича келишувга эришиши мумкинлигини айтди. Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи эса мамлакатлар ҳали ҳам келишув тузишдан узоқда эканини таъкидлади.

Эрон ва АҚШ вакиллари 23 май куни Римда Теҳрон ядровий дастури бўйича музокараларнинг бешинчи раундини ўтказди, унда Уммон воситачи сифатида иштирок этди. Маслаҳатлашувлар якунида Уммон Ташқи ишлар вазири Бадр ал-Бусайдий “маълум, аммо якуний эмас” муваффақиятга эришилганини маълум қилди. Унинг эронлик мавқедоши таъкидлашича, Теҳрон ва Вашингтон бир-икки учрашувда ижобий натижаларга эришишга умид қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон санкция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг