АҚШ Эрондан мусодара қилинган ўқ-дориларни Киевга топширди
Олам
−
05 Октябрь 2023
5002АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Эрондан мусодара қилинган 1,1 миллион дона 7,62 миллиметрли ўқ-дориларни Украинага топширди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Гап шундаки, АҚШ ҳукумати 2023 йилнинг 20 июлида Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига қарши фуқаровий мусодара қилиш ҳаракати доирасида ушбу ўқ-дориларга эгалик ҳуқуқини қўлга киритган. Бу ўқ-дорилар дастлаб АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари томонидан ҳеч қайси давлат байроғисиз сузиб кетаётган “Marwan 1” транзит кемасида аниқланган.
Марказий қўмондонлик баёнотида айтилишича, ўқ-дорилар БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2216-сонли резолюциясини бузган ҳолда Ямандаги ҳусийларга Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси томонидан жўнатилган.
Украинанинг Ғарбдаги иттифоқчилари яқинда уларнинг ишлаб чиқариш линиялари Украинада ўқ-дорилардан фойдаланиш тезлигига мослашаётгани ҳақида огоҳлантирди. Шу фонда CENTCOM Эрон ўқ-дорилари Украинага берилганини хабар қилди.
Эрон бир неча бор Россияни Украинадаги урушда фойдаланиш учун қурол-яроғ (биринчи навбатда учувчисиз самолётлар) билан таъминлаганликда айбланган.
BBC хабар қилганидек, шу ҳафта Британия ва НАТОга аъзо давлатлар Россия босқинидан Украинани ҳимоя қилиш учун ўқ-дорилари тугаб қолгани ҳақида огоҳлантирган.