АҚШ Эрон кемасига киберҳужум уюштирди – NBC
Олам
−
16 Февраль
4179АҚШ Қизил денгиздаги кемаларда разведка маълумотларини йиғиб, ҳусийларга узатаётган Эрон кемасига киберҳужум уюштирди. Бу ҳақда уч америкалик расмийга таяниб, NBC News хабар берди.
Телеканал суҳбатдошларининг сўзларига кўра, бу Вашингтоннинг январ ойи охирида Иорданиядаги АҚШ ҳарбий-ҳаво базасига қилинган ҳужумга жавобининг бир қисмидир.
Манбаларнинг таъкидлашича, Эрон кемадан Яман ҳусийларига ҳужумларини самаралироқ қилиш учун мақсадли маълумотларни узатишда фойдаланмоқда. Расмийлардан бирининг аниқлик киритишича, киберҳужум Эроннинг MB Behshad кемасига амалга оширилган.
Қайд этиш жоизки, Ғазо секторида уруш бошланганидан бери Америка базаларига ҳужумлар сони ортган. Пентагон январь ойи бошида маълум қилишича, бу даврда Американинг Сурия ва Ироқдаги ҳарбий базаларига 130 марта ҳужум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 3 февралга ўтар кечаси АҚШ Эроннинг Ироқ ва Суриядаги нишонларига жавоб зарбаларини берганди. Марказий қўмондонликнинг аниқлик киритишича, ҳарбийлар 85 дан ортиқ нишонга ҳужум қилган.
LiveБарчаси