АҚШ элчиси “оғир суҳбат” учун Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди
Олам
−
15 Апрель 2021
10969Аввалроқ, АҚШ Президенти Жо Байден Россияга қарши санкцияларни қўллаш тўғрисидаги фармонни имзолагани ҳақида хабар берган эдик. Шундан сўнг, АҚШнинг Москвадаги элчиси Жон Салливан мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Бу ҳақда Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова маълум қилди.
“Америка томони учун оғир ўтадиган ушбу суҳбат натижалари бўйича қўшимча маълумотларни сиз билан баҳам кўрамиз”, дейди у.
Фото: Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова
Захарованинг сўзларига кўра, Москва бир неча бор санкциялар курси “дунёнинг тақдири учун тарихий жавобгарликни ўз зиммасига олган икки етакчи ядро кучлари халқларининг манфаатларига жавоб бермаслигини” таъкидлаган.
“АҚШ Президенти Жо Байден яқинда Владимир Путин билан бўлган суҳбатда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни нормаллаштиришга қизиқиш билдирганди. Аммо унинг маъмурияти бунинг аксини қиляпти”, дейди Россия ТИВ расмий вакили.
Захаровага кўра, АҚШнинг санкциялари жавобсиз қолмайди.
“Бундай тажовузкор хатти-ҳаракатлар, шубҳасиз, қатъий жавоб олади, санкцияларга қарши зарба муқаррар. Икки томонлама муносабатлар таназзулга учраса, бунинг учун товон тўлашга тўғри келишини Вашингтонда англашлари керак. Бўлаётган воқеалар учун жавобгарлик бутунлай АҚШ бўйнида”, дейди у.
АҚШнинг Россияга қўйган янги санкциялари
Бугун, 15 апрель куни АҚШ Россияга қарши янги санкцияларни жорий қилди. Шундай қилиб, 2021 йилнинг 14 июнидан бошлаб Америка молия институтларига Россия Марказий банки ва Молия вазирлиги, шунингдек, Миллий фаровонлик фондидан тўғридан-тўғри қарздорлик қимматли қоғозларни сотиб олиш тақиқланди.
Вашингтон, шунингдек, “Россия разведка хизматларининг кибер дастурини қўллаб-қувватловчи” мамлакатнинг олтита технологик компаниясига чекловлар киритди.
Бундан ташқари, АҚШ президентлик сайловларига Россиянинг аралашуви билан алоқадор, деб тахмин қилинган 16 та ташкилот ва 16 нафар шахсга қарши санкциялар жорий қилинган.
Уларнинг орасида, аллақачон, АҚШнинг “қора рўйхат”ига тушиб улгурган, Россия Президенти Администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Громов ва “Путиннинг ошпази” лақаби билан машҳур бўлган тадбиркор Евгений Пригожиннинг компанияси бор.
Шунингдек, Керчен кўприги (Россия билан Қрим яриморолини боғлаб турувчи кўприк – таҳр.) қурилишининг иштирокчилари бўлган учта ташкилот ва беш нафар россияликка нисбатан санкциялар қўлланилган.
LiveБарчаси