АҚШ бош инфекционистининг коронавирус пайдо бўлишига алоқаси борми?
Олам
−
23 Июль 2021
10054АҚШнинг бош инфекционисти, Оқ уйнинг бош тиббий маслаҳатчиси Энтони Фаучи Хитой лабораториясида COVID-19 юқишини қўзғатиши мумкин бўлган тадқиқотларни молиялаштиришга ёрдам берганликда айбланмоқда.
АҚШнинг Республикачилар партиясидан бўлган сенатор Рэнд Пол Фаучига шундай айблов қўймоқда. Аммо олим бу айбловларни рад этмоқда.
Сенатор Рэнд Полга кўра, олимлар Фаучининг ўзини оқлаб эълон қилган баёнотларига шубҳа билан қарайди. Бироқ Фаучи маблағларни назорат қилгани учун, унга очиқчасига қарши чиқишни исташмайди.
“У (Фаучи — таҳр.) у ерда 40 йил ишлади, балки керагидан 39 йил кўп, у барча маблағларни назорат қилади, шунинг учун одамлар ундан қўрқишади”, деган Пол Фаучининг Миллий аллергия ва юқумли касалликлар институтини 1984 йилдан бери бошқариб келаётганига ишора қилиб.
Таъкидланишича, Пол АҚШ бош инфекционисти Фаучининг ашаддий танқидчиларидан бири ҳисобланади.
Қайд этилишича, бундан аввал ҳам сенатор вирусолог билан Ухань вирусология институтида тадқиқотлар ўтказилиши масаласида зиддиятга борган.
“Доктор Фаучи, Конгрессга ёлғон гапириш жиноят эканлигини билган ҳолда, Миллий соғлиқни сақлаш институти мутацион тадқиқотларни ҳеч қачон молиялаштирмаслигини таъкидлаган баёнотингизни қайтариб олмоқчимисиз?” деган Пол олимга қарата.
“Сенатор Пол, мен Конгресс олдида ҳеч қачон ёлғон гапирмаганман ва бу баёнотни рад қилмайман”, дея жавоб берган Фаучи.
Айни пайтда АҚШ разведка агентликлари ушбу лабораториядан вируснинг тасодифий сизиб чиқиши глобал пандемияга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги назарияларни ўрганмоқда.
Маълумот ўрнида, сенатор Рэнд Пол жорий йилнинг май ойидан Энтони Фаучини COVID-19 пандемиясининг келиб чиқишида айбдор эканлигини таъкидлаб келган. Сенатор ўз тахминини Миллий соғлиқни сақлаш институти томонидан Ухань вирусология институтидаги “функцияларни мустаҳкамлаш” хавфли тадқиқотининг молиялаштирилиши орқали асослаб берган. Энтони Фаучи Ухань лабораториясини молиялаштирган Миллий аллергия ва юқумли касалликлар институтини узоқ йиллардан бери бошқариб келади.
LiveБарчаси