АҚШ Беларусь муносабатлари зиддият ёқасида. Кун тартибида журналистлар
Олам
−
26 Ноябрь 2020
4745АҚШнинг Беларусдаги элчихонаси оммавий ахборот воситаларига бўлаётган тазйиқлар туфайли Минск билан муносабатларни нормаллаштириш имконсизлигини эълон қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.
“Қўшма Штатлар Беларусь мустақил оммавий ахборот воситаларининг хавфли вазияти, сўнгги бир неча ой ичида журналистларнинг ўзбошимчалик билан ҳибсга олиниши ва Беларусь ҳукумати томонидан уларга қарши жиноий ишлар қўзғатилаётганидан жуда хавотирда”, дейилади дипломатик ваколатхонанинг веб-сайтида жойлаштирилган баёнотда.
Шунингдек, элчихона, Беларусда маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг расмий мақомини бекор қилишга бўлган таҳдидлар ва чет эл оммавий ахборот воситаларида ишлайдиган журналистларнинг қайта аккредитациядан ўтказилиши узоқ муддатга кечикаётганидан хавотир билдирган.
“АҚШ Беларусь ҳукуматининг маҳаллий ва хорижий журналистларга қарши хатти-ҳаракатларини қоралайди. ОАВ вакилларига журналистлик вазифасини бажаргани учун таҳдид, жисмоний тажовузлар қилиниши мақсадга мувофиқ эмас”, дейилади баёнотда.
Америкалик дипломатлар Беларусь расмийларини бутун мамлакат бўйлаб асосий эркинликларни, айниқса, йиғилишлар, сўз ва матбуот эркинликларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашга даъват этмоқда.
“Беларусь халқи ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва уларнинг овозини эшитишга лойиқдир. Мустақил ОАВ – барча беларуслар овози учун алмаштириб бўлмайдиган майдон. Ўз халқини шафқатсизларча бостирадиган режим билан муносабатларни илиқлаштириш имконсиз”, дейилади баёнотда.
Беларусь Журналистлар ассоциациясининг маълумотларига кўра, мамлакатда сайловлар ва сайловдан кейинги даврда 390 нафар журналист таъқиб қурбонига айланган. Улардан 77 нафари маъмурий ҳибсга олинган. Ҳозирда 12 журналист маъмурий ва жиноий ишлар бўйича ҳибсда сақланмоқда.
Аввалроқ Беларусь ташқи ишлар вазирлиги жорий йилнинг 2 октябридан мамлакатда хорижий оммавий ахборот воситалари журналистларини аккредитация қилиш тартиби тўғрисидаги янги низом кучга кирганини маълум қилганди. Беларусь ТИВда таъкидланганидек, янги регламентда журналистлар учун аккредитация олиш тартибини соддалаштириш ва осонлаштиришга қаратилган бир қатор нормалар киритилган. Айни пайтда, қатор хорижий журналистлар мамлакатда доимий ва вақтинча ишлаш учун аккредитациядан ўтмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Беларусь мухолифатининг етакчиси Светлана Тихановская келажакда мамлакат Президенти Александр Лукашенко ва унинг тарафдорлари режимини жазолаш учун халқ трибунали тузилганини эълон қилди.
Кейинчалик 16 ноябрь куни Минскда беларуслик нафақахўрлар рухсатсиз яна бир норозилик намойишини ўтказди. “Нафақахўрлар юриши” деб номланган норозилик намойиши анъанавий равишда ҳар душанба куни Минскнинг марказий Мустақиллик хиёбони бўйлаб ўтказиб келинмоқда.
Шунингдек, Беларусь Президенти Александр Лукашенко Минскда намойишчилар тўпланаётган майдонлар мамлакатда фуқаролар уруши бошланадиган жой бўлишини айтиб ўтди.
Жорий йилнинг 22 ноябрь куни ҳам Беларусь пойтахти Минск шаҳрида Президент Александр Лукашенкога қарши кун бўйи норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Норози аҳоли “Фашистларга қарши марш” умумий номи остида бирлашдилар.
Умиджон Нозимжонов
LiveБарчаси