АҚШ “Азов” батальони ҳақидаги фактларни оммага эълон қилишдан қўрқади – Россия

Олам 9138
image

Қўшма Штатлар Украинанинг “Азов” батальони ҳарбийларининг хатти-ҳаракатлари ҳақидаги фактларни оммага эълон қилишдан қўрқади. Бу ҳақда кеча, 24 август куни Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси баёнот берган.

“Бўлажак суд ҳарбий жиноятчиларга нисбатан адолатни ўрнатиш учун мўлжалланган, улар орасида “Азов” полкининг нацистлари ҳам бор. Вашингтон ушбу террорчилик ташкилоти аъзоларининг ғайриинсоний ҳаракатларидан далолат берувчи фактларни оммага ошкор қилишдан аниқ қўрқади”, дейилади элчихона хабарида.

Шунингдек, элчихона Мариуполдаги трибунал Киев режимининг асл моҳиятини ёритиб бера олишига ишонч билдирган.

“Мариуполдаги халқаро трибунал Киев режимининг асл моҳиятини ёритиб бера олади, бу режимдан Қўшма Штатлар қунт билан ёрқин ва қаҳрамонлик қиёфасини яратмоқда. Америка фуқаролари уларнинг ҳукумати тинч аҳолини қасддан ўлдираётган, Донбасс ва Украинанинг рус аҳолисини масхара қилаётганларга ёрдам бераётганини ниҳоят билиб олишади”, дейди рус дипломатлари.

Бундан ташқари, элчихона Россия Женева конвенцияларига тўлиқ риоя қилишини ва украиналик ҳарбий асирларни қамоқда сақлаш шароитларини кафолатлашини таъкидлаган.

Қайд этиш керакки, Россия Федерацияси назорати остидаги Мариуполда, “Азов” полки ҳарбийлари устидан суд жараёни ўтказишга тайёргарлик кўриляпти. Тан олинмаган ДХРда буни трибунал деб баҳолашяпти. Август ойи бошида “Life” нашри Мариуполь филармониясидан видеони эълон қилди, у ерда бўлажак судда судланувчилар учун металл қафаслар қурилган.

Украина Президенти Владимир Зеленский ҳарбийларни суд қилиш мумкин эмаслигини таъкидлаб, бу мазах қилиш эканини ва бу содир бўлса, расмий Киев музокаралардан буткул бош тортишини маълум қилди.

Фарангиз Салимова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 264
Рейтинг: 2.9
t
×