АҚШ Афғонистонга 204 млн долларлик ёрдам беради
Олам
−
01 Апрель 2022
3952Америка Қўшма Штатлари Афғонистонга 204 миллион долларга яқин қўшимча гуманитар ёрдам беради. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Нед Прайс тарқатган баёнотда айтилади.
“Биз Афғонистон халқини қўллаб-қувватлаш учун 204 миллион долларга яқин қўшимча гуманитар ёрдам кўрсатмоқдамиз, бу 2021 йил августидан буён кўрсатилаётган ёрдамнинг умумий миқдорини 720 миллион долларга етказмоқда”, деган у.
Таъкидланишича, ажратилган маблағлар БМТнинг таркибий бўлинмалари ва бир қатор халқаро гуманитар ташкилотлар орқали тақсимланади. Баёнотга кўра, бу пуллар озиқ-овқат ва сув сотиб олиш, асосий тиббий хизматларни тақдим этиш, Афғонистон халқига бошпана бериш ва уларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, “гендер асосидаги зўравонликка қарши кураш”га ҳисса қўшиш, “ички кўчирилганларнинг реинтеграциясини рағбатлантириш” учун мўлжалланган.
“Қўшма Штатлар афғон халқининг гуманитар эҳтиёжларини қўллаб-қувватлашга содиқ қолади ва “Толибон” раҳбарияти барча афғон фуқароларининг инсон ҳуқуқларини, шу жумладан афғон аёлларининг таьлим олиш ҳуқуқини ҳурмат қилиш мажбуриятини қўллаб-қувватлашини таъкидлайди”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, Афғонистонга қўшни давлатларнинг учинчи вазирлар конференцияси иштирокчилари инқироздан чиқиш учун мамлакатга гуманитар ёрдам етказиб беришни давом эттиришга қарор қилганди.
Маълумот ўрнида, АҚШ ўз қуролли кучларини мамлакатдан олиб чиқиш қарорини эълон қилганидан сўнг, “Толибон” Афғонистон устидан назорат ўрнатиш учун кенг кўламли операция бошлади. 2021 йил 15 августда “Толибон” жангсиз Қобулга кирди, Президент Ашраф Ғани эса республикани тарк этди. 6 сентябрь куни “Толибон” бутун Афғонистон ҳудуди устидан назорат ўрнатилгани ҳақида, 7 сентябрда эса қонунийлиги ҳали ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган муваққат ҳукумат таркибини эълон қилди.
LiveБарчаси