АҚШ Афғонистондан олиб қочилган самолётларини Ўзбекистон ва Тожикистонга бермоқчи

Олам 10182
image

Америка Қўшма Штатлари Афғонистондаги террорчиларга қарши курашда ёрдам эвазига Ўзбекистон ва Тожикистонга элликта ҳарбий самолёт ва вертолёт бериш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда “Politico” нашри хабар бермоқда.

Гап ўтган йили афғон учувчилари “Толибон”дан қочиб, қўшни давлатларга олиб кетган Америкада ишлаб чиқарилган техникалар ҳақида кетмоқда.

“Режага кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматларига чегарани ҳимоя қилиш ва терроризмга қарши курашда хавфсизлик бўйича муносабатларимизни чуқурлаштириш бўйича норасмий келишув эвазига бир қатор самолётларни топшириш кўзда тутилган”, дейди нашр номи ошкор этилмаган амалдорга таяниб.

“Politico” нашрига кўра, “Толибон” ўз қўшниларидан АҚШ ағдарилган афғон ҳукуматига етказиб берган енгил ҳужумчи самолётлари ва вертолётларини қайтаришни талаб қилмоқда.

Маълумот ўрнида, АҚШ 2021 йил баҳорида ўз Қуролли кучларини мамлакатдан олиб чиқиб кетишини эълон қилганидан кейин “Толибон” ҳаракати Афғонистон устидан назорат ўрнатиш учун кенг кўламли операция бошлади. 15 август куни “Толибон” жангсиз Қобулга кирди, Президент Ашраф Ғани эса Республикани тарк этди. 6 сентябрда толиблар бутун Афғонистон ҳудуди устидан назорат ўрнатилгани ҳақида эълон қилган бўлса, 7 сентябрда эса қонунийлиги ҳали ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган муваққат ҳукумат таркибини эълон қилди.

Афғонистонда ҳукумат ағдарилганда афғон учувчилари нафақат Тожикистон, балки Ўзбекистонга ҳам ҳарбий техникалар билан қочиб ўтган. Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашевнинг сўзларига кўра, 2021 йил 21 август ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 46 та, Тожикистонда эса 18 та самолёт бор эди, улар орасида Ми-17, UH-60 вертолётлари, шунингдек, PC-12, C-208, AC-208 ва А-29 самолётлари бор.

"Толибон" ҳаракати расмий Тошкент ва Душанбега бир неча бор учоқларни қайтариш борасида сўров юборган. Аммо Ўзбекистон томони "Толибон"нинг талаб қилишига қарамай, учоқларни Афғонистонга қайтариш ниятида эмас. Расмий Тошкент техникаларни АҚШга топширишга қарор қилган. Негаки, техникаларни афғон ҳукуматига Вашингтон берган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 293
Рейтинг: 3
t
×