АҚШ Афғонистон устидан парвозларга янги чекловлар киритади 

Олам

image

АҚШнинг Фуқаро авиацияси федерал бошқармаси (FAA) Америка авиакомпаниялари учун Афғонистон ҳудуди устидан парвозларга янги чекловлар қўйилишини эълон қилди.  

Таъкидланишича, Афғонистоннинг деярли барча ҳудудини ўз ичига олган Қобулда 26 000 футдан кам (тахминан 8 км) баландликда парвозлар тақиқланади, пойтахтнинг Ҳамид Карзай халқаро аэропортига парвозлар эса бундан мустасно. 

“Афғонистон ҳудуди ва ҳаво ҳудудидаги АҚШ парвоз операторларига мамлакатда исён ва ҳарбий ҳаракатлар давом этаётгани эслатилади. Паст баландликларда парвоз қилаётган фуқаролик самолётлари зарар кўрган”, дейилган хабарда. 

Қайд этилишича, огоҳлантириш “экстремистик ёки ҳарбий фаолият” туфайли юзага келадиган хатарлар билан боғлиқ ҳолда киритилган. Чекловлар АҚШнинг ҳарбий операцияларига тааллуқли эмаслиги таъкидланган. 

Маълумот ўрнида, 28 июнь куни FAA АҚШ фуқароларига “COVID-19, жиноятчилик, терроризм, фуқаролар тартибсизлиги, одам ўғирлаш ва қуролли тўқнашувлар” сабабли Афғонистонга бормасликни тавсия қилганди. 

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон АҚШ

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг