АҚШ 90 дан ортиқ Эрон ҳарбий объектларига зарба берди

Олам

image

Кеча, 13 март куни кечқурун АҚШ ҳарбий кучлари Эроннинг Форс кўрфазидаги Харг оролига кенг кўламли зарбалар берди. Бу ҳақда “Al Arabiya” хабар берди.

АҚШ Марказий қўмондонлигининг (CENTCOM) баёнотига кўра, операция давомида оролдаги 90 дан ортиқ Эрон ҳарбий нишонлари йўқ қилинган. Зарба беришда ҳарбий объектлар нишонга олинган бўлиб, нефть инфратузилмасига зарар етказилмаган.

Баёнотда таъкидланишича, АҚШ кучлари денгиз миналари сақланадиган омборлар, ракета омборлари ҳамда бошқа ҳарбий иншоотларни нишонга олиб, уларни йўқ қилган.

АҚШ ҳарбийлари бу ҳақда Х ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида ҳам маълум қилиб, операция минтақадаги хавфсизликка таҳдид солаётган ҳарбий имкониятларни чеклаш мақсадида амалга оширилганини билдирган.

Мазкур зарба АҚШ Президенти Дональд Трампнинг огоҳлантиришидан кўп ўтмай амалга оширилган. Трамп кеча, 13 март куни Теҳронни Ҳормуз бўғозида кемаларга ҳужум қилишни тўхтатишга чақирган ва акс ҳолда Харг оролидаги Эрон нефть инфратузилмасига зарба берилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.

Маълумот учун, Харг ороли Эроннинг Форс кўрфазидаги энг муҳим стратегик нуқталаридан бири бўлиб, у мамлакатнинг асосий нефть экспорти марказларидан ҳисобланади. Шу сабабли оролга берилган ҳарбий зарба минтақадаги кескинликни янада кучайтириши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп маъмурияти Яқин Шарққа АҚШ денгиз пиёда қўшинларининг 5 минг нафаргача бўлган қўшимча контингентини, шунингдек, бир нечта ҳарбий кемаларни жўнатишни маъқуллаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Дональд Трамп Форс кўрфази CENTCOM Харг ороли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг