АҚШ 2021 йилда Ўзбекистон билан янада яқин ҳамкорлик қилмоқчи

Жамият

image

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм Янги йил байрами муносабати билан Ўзбекистон халқини табриклади.

Элчи 2020 йил оғир келганини, бу йил кўплар яқинларидан айрилганиин, коронавирус сабаб улкан иқтисодий инқироз юзага келганини таъкидлаб ўтган.

“2020 йил ўз якунига етар экан, мен бу йил барчамиз учун қанчалик қийин бўлгани ҳақида мулоҳаза юритмоқчиман. Коронавирус орамиздан кўплаб яқинларимизни олиб кетди ва катта иқтисодий қийинчиликларни келтириб чиқарди”, дейди дипломат.

Розенблюм қийинчиликларга қарамай, давлатлар ўртасидаги муносабатлар ривожланганини қўшимча қилган ва Ўзбекистон-АҚШ муносабатларини бунга мисол қилиб кўрсатган.

“Аммо умумий қийинчилик дўстларни янада яқинлаштириш ҳам мумкин экан ва буни шу йил АҚШ ва Ўзбекистон миолида кўрдик. Пандемияга жавобан АҚШ ЎЗбекистон соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлашни сезиларли даражада оширди. Натижада мамлакатингизнинг жасур шифокор ва ҳамширалари одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун зарур бўлган воситаларга эга бўлишди”, дейди АҚШ элчиси.

Шу ўринда қайд этиш керакки, 2020 йилда АҚШнинг Ўзбекистон алоқалари ижобий томонга ўзгарди. АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео февраль ойида Ўзбекистонга келганди. У “Марказий Осиё – АҚШ” (С5+1) форматидаги Ташқи ишлар вазирлари учрашувида қатнашганди. Майкл Помпео Афғонистонда тинчликка эришиш бўйича Ўзбекистон ташаббусларини алоҳида қайд этди. Помпео ташрифи давомида Президент Шавкат Мирзиёев қабулида ҳам бўлди.

Дэниел Розенблюм АҚШ коронавирус пандемиясига қарамай, Ўзбекистонда адолатли фуқаролик жамияти қуриш йўлида амалга оширилган ишларни эътироф этди. 

“Пандемияга қарамай биз мамлакатингизни замонавий, адолатли ва фаровон жамиятга айлантириш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати ва халқи олиб бораётган улкан саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашда бардавом бўлди”, дейди элчи жаноблари.

2021 йилдаги режалар ҳақида гапираркан Дэниел Розенблюм АҚШ ва Ўзбекистон муносабатлари янада яхшиланишига умид билдирган.

“2021 йилда сиз билан янада яқиндан ҳамкорлик қилишни орзиқиб кутамиз. АҚШ халқи ва Американинг Тошкентда жойлашган элчихонасидаги ҳамкасбларим номидан Ўзбекистон халқини Янги йил билан чин қалбимдан табриклайман. Сиз ва оилаларингизга мустаҳкам соғлик, тинчлик, фаровонлик ва бахт тилайман. Янги йилингиз муборак бўлсин”, дея Ўзбекистон халқини табриклади америкалик дипломат.

2020 йилда АҚШ ва Ўзбекистон муносабатларида ҳақиқатан ижобий ўзгаришлар юз берди. Аввало шуни айтиш жоизки, Ўзбекистон АҚШнинг диний эркинлик бўйича “Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати”дан чиқарилди.

Бундан ташқари, Америка Қўшма Штатлари Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Кеннет Маккензи Ўзбекистонга келди ва Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Суҳбат давомида Афғонистонда тинчлик ўрнатиш юзасидан фикр алмашилди.

Маълумот учун, АҚШ коронавирус пандемияси бошлангандан бери бир неча марта Ўзбекистонга ёрдам берди. Хусусан, Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашиш учун лабораторияларни жиҳозлаш ҳамда вирус ҳақидаги дезинформацияларга қарши курашиш ва инсонларни давлат ва тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда ишлашга жалб қилиш учун 848 минг АҚШ доллари ажратилди.

Бундан ташқари, 16 апрель куни Америка Қўшма Штатларининг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали, Ўзбекистонга қиймати қарийб 400 000 АҚШ доллари бўлган 131 320 кг озиқ-овқатни етказиб берди.

Шу билан бирга, бир неча марта турли тиббий воситалар ҳам соғлиқни сақлаш тизими маъсулларига топширилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-АҚШ

Баҳолаганлар

178

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг