АҚШ Ҳиндистонга 10 млн долларлик артефактларни қайтариб берди
Олам
−
16 Ноябрь
3212Америка Қўшма Штатлари Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларидан ўғирланган санъат асарларини қайтариш ташаббуси доирасида Ҳиндистонга қиймати 10 миллион долларга тенг 1400 дан ортиқ артефактларни топширди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Нашрга кўра, қайтарилган буюмлар орасида яқинда Нью-Йоркдаги Метрополитан санъат музейида намойиш этилган асарлар ҳам бор. Хусусан, улар ичида Марказий Ҳиндистондан Лондонга яширинча олиб кетилган ва ноқонуний тарзда музей ҳомийларидан бирига сотилган қумтошдан ясалган самовий раққоса ҳайкали мавжуд.
Мазкур буюмлар 14 ноябрь куни Нью-Йоркдаги Ҳиндистон консуллигида ўтказилган маросимда расмий равишда қайтарилган.
Қайд этилишича, ушбу репатриациялар (нарса ёки шахсни уларнинг келиб чиққан мамлакатига қайтариш) талон-торож қилиш тармоқларига қарши олиб борилган ва давом этаётган бир неча терговлар натижасида амалга оширилган. Бу тармоқларга олдинроқ судланган контрабандачилар Ненси Вайнер ва Субҳаш Капур ҳам алоқадор. Капур америкалик қадимий ашёлар сотувчиси – Нью-Йоркдаги галереяси орқали миллионлаб долларлик талончилик тармоғини бошқаргани учун 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Капур 2011 йилда Германияда ҳибсга олинганидан кейин Ҳиндистоннинг Тамилнад штатида суд қилинган. 2012 йилда прокуратура унга нисбатан ҳибсга олиш ордерини олган бўлса-да, у ҳозирда Ҳиндистонда экстрадиция қилинишини кутиб, қамоқда қолмоқда.
Нашрга кўра, 10 йилдан ортиқ вақт давомида фаолият олиб бораётган Манҳэттен округи прокуратурасининг Қадимий буюмлар контрабандаси бўйича бўлинмаси – адвокатлар, терговчилар ва санъат экспертларидан иборат махсус гуруҳ 5800 та қадимий ашёни қайтариб олиб, уларнинг умумий қийматини 460 миллион долларга етказган. Ушбу бўлинма, шунингдек, 16 кишини контрабанда жиноятлари учун судга тортган ва ўғирланган маданий мулк билан боғлиқ яна олти кишини экстрадиция қилиш тўғрисида ариза берган.
LiveБарчаси