АҚШ ҳали ҳам Афғонистон билан уруш ҳолатида – “Толибон”

Олам 5597
image
-

“Толибон” ҳаракатининг айтишича, АҚШ Афғонистон билан сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан ҳамон уруш ҳолатида. “Толибон” муваққат ҳукуматидаги Ташқи ишлар вазири ўринбосари Шера Муҳаммад Аббос Станикзайга кўра, Қўшма Штатлар Афғонистонда ҳарбий томондан мағлубиятга учраган.

“Қўшма Штатлар 2001 йили кундузи Афғонистонга кирди ва ярим тунда ушбу мамлакатдан қочиб кетди”, деган у.

“Толибон” вакили Афғонистон заҳираларининг музлатилишини шафқатсиз ҳаракат ва мамлакат ички ишларига аралашиш деб баҳолаган. У яна Афғонистонга дунё томонидан кўрсатилаётган инсонпарварлик ёрдами етарли эмаслигини, ҳозирги ёрдам ҳажми мавжуд муаммоларни бир фоизини ҳам ҳал қилишга имкон бермаётганини таъкидлаган.

Станикзай қўшни давлатларни савдо-сотиқни таъминлаш учун шундай оғир дамларда Афғонистон билан чегараларини очиқ сақлашга чақирди, шунингдек, афғонлар учун виза беришни осонлаштиришни сўради.

“Биз барча давлатлар билан яхши муносабатлар ўрнатишни истаймиз. Бироқ дунё ва, айниқса, АҚШ Афғонистонда мустақил ҳукумат тузилишини истамайди, шунинг учун улар “Толибон” билан муроса қилмоқчи эмас”, деган ҳаракат вакили.

Маълумот учун, мамлакатда ҳокимиятни эгаллаган толиблар, 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлигини тузди. Жорий йилнинг 6 сентябрь куни “Толибон”га бўйсунмай турган ягона вилоят – Панжшер эгаллангач, 7 сентябрь куни ҳаракат раҳбарлари муваққат ҳукуматни шакллантирди.   

Қайд этиш керакки, толиблар Афғонистонда ҳокимиятга келгач, минглаб афғонлар ватанини тарк этди ва бу жараён ҳали ҳам давом этмоқда. Толибларни Афғонистонда тарафдорлари кўплигига шубҳа йўқ, бироқ улар ҳокимиятга келгач кўплаб қийинчиликларга учрамоқда. Айниқса, молиявий томондан йўқотишлар катта.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 120
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×