Аи-80 бензинни Аи-92 деб сотган АЁҚШлар лицензиясидан маҳрум бўлади – вазир

Жамият

image

Бензин нархини асоссиз оширган ва АИ-80 маркали бензинни АИ-92 деб сотган АЁҚШларга албатта чора кўрилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов маълум қилди. 

“Бизнинг заводларда ишлаб чиқарилаётган ва етказиб берилаётган бензин сифати қаттиқ назорат қилинади. Истеъмолчиларга етказиб бериш жараёнида ҳам қандайдир ноқонуний хатти-ҳаракатлар бўлса, биз буни назорат қиламиз. Бундай хабарлар келиб тушганда биз нефтинпекция (“Ўзбекистон нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси) ходимларини жойларга чиқарган ҳолда, бензиннинг нафақат сифатини, балки Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан биргаликда нархини ҳам назорат қилиш бўйича чоралар кўряпмиз. 

Шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, бензин нархини асоссиз ошириб юборган ёки сифатсиз бензинни, қолаверса, Аи-80 маркали бензинни Аи-92 деб сотган АЁҚШларга нисбатан албатта тегишли чоралар кўрилади”, дейди вазир.

Қайд этилишича, Аи-80 маркали бензинни Аи-92 деб сотган АЁҚШларнинг лицензиясини бекор қилишгача бўлган чоралар кўрилади.

Унинг алоҳида урғулашича, бензинни биржада сотувга чиқариш бўйича белгиланган миқдор ҳам оширилган.  

“Ҳозирда метан газ “заправка”лар чекланган муддатда ишлаш даврида бензинга талаб ошиб боради. Бу бўйича ҳам албатта чоралар кўриляпти. Ҳозирги кунгача 2 400 тонна Аи-80 – энг кўп истеъмол қилинадиган бензин биржада сотувга чиқарилган бўлса, кечадан, яъни истеъмол ошган кундан бошлаб буни 3,5 минг тоннага етказдик”, дейди Мирзамаҳмудов. 

Ҳозирда хорижий мамлакатлардан ҳам бензин импорт қилиниб, етарли даражада захира яратиш чоралари кўрилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Монополияга қарши курашиш қўмитаси Ўзбекистонда бензин нархлари доимий мониторинг қилиб борилиши ва нархларни сунъий равишда оширган субъектларга белгиланган тартибда тегишли чора кўрилишини маълум қилганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

86

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг