Ағдарилган Нигер Президентининг иттифоқчилари АҚШдан унинг ҳаётини асраб қолишни сўраяпти
Олам
−
13 Август 2023
6804Тахминан уч ҳафтадан бери демократик йўл билан сайланган Нигер етакчисининг дўстлари ва тарафдорлари Америка Қўшма Штатлари ва бошқа иттифоқчиларга Президентни ҳокимиятга қайтаришда ёрдам сўраб мурожаат қилмоқда. Бу ҳақда “Associated Press” агентлиги хабар берди.
Нигернинг АҚШдаги элчиси Мамаду Киари Лиман-Тингуирининг айтишича, Президент Муҳаммад Базумни ағдарган хунта уни ўз оиласи билан президент қароргоҳининг ёритилмаган ертўласида озиқ-овқат, электр ва газдан узиб қўйган ҳолда сақламоқда.
"Улар Базумни ўлдиришмоқда. Хунта раҳбарининг режаси уни очликдан ўлдиришдир", деган элчи.
Таъкидлаш жоизки, Мамаду Киари Лиман-Тингуири ҳибсга олинган раҳбар билан ҳар куни қўнғироқ қилиб турадиган яқин ҳамкори. Улар ўттиз йил давомида ҳамкасб (ўқитувчи) бўлиб келган.
"Бу ғайриинсоний ва дунё бунга тоқат қилмаслиги керак. 2023 йилда бунга тоқат қилиб бўлмайди", дейди элчи.
Кеча, 12 август куни Президентни асир олганлар шифокорга биринчи марта унинг ёнига киришга рухсат берган ва у ўзи билан озиқ-овқат олиб келган.
26 июлда ҳарбий машиналар президент саройи дарвозаларини тўсиб қўйган ва хавфсизлик кучлари ҳокимиятни ўз қўлига олганини эълон қилган пайтдан бери Базум жамоатчиликка кўриниш бермаган. Президентнинг ҳолатини мустақил равишда аниқлаш мумкин эмас. Қўшма Штатлар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқалар Базумнинг ҳибсдаги шароитлари ёмонлашаётганидан бир неча бор хавотир билдирган ва хунтани Базум ва унинг оиласи фаровонлиги учун жавобгар, деб билишини айтган.
Ўз ўрнида, Human Rights Watch ташкилоти 11 август куни ҳибсга олинган президент ва унинг атрофидагилар билан тўғридан-тўғри гаплашгани ва худди шундай ёмон муносабатда бўлингани ҳақида маълумот олганини билдирган.
Бироқ Нигернинг янги ҳарбий ҳукмдорларини қўллаб-қувватловчи фаоллардан бири Инса Гарба Саидоу президентнинг оғир аҳволи ҳақидаги хабарлар ёлғон эканини айтди.
"Базумнинг бахтига уни ҳеч қаёққа олиб кетишмади. Уни телефони билан саройида қолдиришган. Буни қилганлар Базумга зарар етказмоқчи эмас”, дейди Саидоу.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 августида АҚШ Давлат котиби ўринбосари Виктория Нуланд Нигерга бориб, мамлакат Президентини ҳокимиятдан четлатган исёнчилар вакиллари билан учрашганди. Ҳарбийлар унга на Президент Муҳаммад Базум билан, на ҳозирда Нигерни бошқараётган “Ватанни қутқариш миллий кенгаши” раҳбари генерал Абдураҳмон Чиани билан учрашишга рухсат берган.