Агар Украина ютқазса, Россиянинг барча қўшнилари таҳдид остида қолади – Зеленский
Олам
−
21 Август 2023
11615Агар Россия Украинани қўлга киритишга муваффақ бўлса, бундан Европанинг бошқа давлатлари зарар кўради. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский Дания парламенти аъзоларига мурожаатида айтиб ўтди.
Унинг қайд этишича, Россия тажовузи туфайли Украинада тинч аҳоли нобуд бўлмоқда, шаҳар ва қишлоқлар вайрон бўлмоқда, Россия Федерацияси эса Украина билан чекланиб қолмаслигини очиқ айтмоқда.
“Бизнинг мамлакатимиздан кейин улар бу азоб-уқубатларни Европага ва бутун дунёга олиб боришни хоҳлаяпти. Агар Украина муваффақиятсизликка учраса, Россиянинг барча қўшнилари таҳдид остида қолади”, дея таъкидлаган Зеленский.
Шунингдек, у Ғарб давлатларига, жумладан, Данияга ҳарбий ёрдам учун, хусусан, кемаларга қарши Harpoon ракеталари, Caesar 155 мм ўзиюрар артиллерия мосламалари, Leopard танклари, Bradley пиёдаларининг жанговар машиналари ва дронлари билан таъминлангани учун миннатдорлик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, дам олиш кунларида Украина Президенти Швеция, Нидерландия ва Данияга борганди. 19 август куни Швецияга ташрифи чоғида Украинада ускуналар ишлаб чиқариш ва Украина Қуролли кучлари учувчилари томонидан Gripen қирувчиларини синовдан ўтказишни бошлаш бўйича келишувларга эришилди. Кеча, 20 август куни Нидерландия ва Данияда F-16 қирувчи самолётларини учувчилар тайёрлашдан сўнг Украинага топшириш бўйича келишувга эришилди. Нидерландия Украинага 42 та Америка қирувчи самолёти, Дания эса яна 19 та самолёт беради. Шундан сўнг Зеленский Афинага бориши мумкин, у ерда Ғарбий Болқон давлатлари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтади.
LiveБарчаси