Агар дарахт кесилса, ўз аризам билан ишдан кетаман – Жаҳонгир Ортиқхўжаев
Жамият
−
13 Февраль 2021
6585Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бугун, 13 февраль куни Тошкентнинг “Мовий гумбазлар” хиёбонида аҳоли вакиллари билан учрашиб, ушбу хиёбонда барпо этилиши кутилаётган “Истиқлол” мажмуаси қурилишида бирорта дарахт кесилса, ўз аризаси билан ишдан кетишга тайёр эканини алоҳида урғулади.
“Мени 60 нафар депутат сайлаган. Уларни эса депутат қилиб халқ сайлаган. Мен ўз ваколатларимдан ташқарига чиқаётган жойим йўқ. Агар 60 нафар депутат мени бу лавозимдан олиб ташласа, мен розиман. Улар ҳам миллат вакиллари. Сайламанг эди депутатларни. Ҳар бир депутатни 20-25 минг аҳоли чиқиб, сайлаган.
Ишдан олишса, кетаман. Яна айтаман: дарахтлар кесилмайди, аксинча, қўшилади. Бўш жойга мустақиллик стеласини ўрнатамиз. Агар дарахт кесилса, ўз аризам билан ишдан кетаман”, дейди Ортиқхўжаев.
Маълумот учун, лойиҳага танлов эълон қилинганидан кўп ўтмай бир гуруҳ фаоллар бунга қарши петиция бошлади. Унга 7 мингдан ортиқ киши овоз берди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимлигининг расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб барпо этиладиган “Истиқлол” мажмуаси бўйича эълон қилинган танлов қизғин мунозараларга сабаб бўлди.
Бунда асосий эътироз “Истиқлол” мажмуаси Тошкентнинг ўз тарихига эга бўлган “Мовий гумбазлар” хиёбонида қурилишига бўлган. Негаки, мажмуа қурилиши у ердаги кўп йиллик дарахтларнинг кесилиб кетишига олиб келиши мумкин эди.
“Бугундан эътиборан Тошкент шаҳар Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан “Истиқлол” мажмуаси барпо этилиши белгиланган ҳудуддаги барча дарахтлар хатловдан ўтказилади ва муҳофазага олинади”, дейилади ҳокимлик баёнотида.
Унга кўра, Тошкент шаҳар Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан “Истиқлол” мажмуаси барпо этилиши белгиланган ҳудуддаги барча дарахтлар хатловдан ўтказилади ва муҳофазага олинади.
Кейинроқ Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ушбу воқеларга муносабат билдириб, жамоат ва шаҳар аҳолисининг фикрини эътиборга олмасдан шаҳар жамоат жойларини тубдан ўзгартириш мумкин эмаслигини таъкидлади.
LiveБарчаси