Афсонавий “Робин Гуд дарахти” қуриб қолди
Олам
−
09:40 1295 2 дақиқа
Буюк Британиянинг Ноттингемшир графлигидаги Шервуд ўрмони марказида асрлар давомида қад ростлаб турган машҳур “Major Oak” (Мажор Оук) дарахти қуриб қолди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Тахминан 1200 йил яшаган деб ҳисобланадиган бу улкан эман дарахти Робин Гуд афсонаси билан боғлиқ бўлгани сабабли Буюк Британиянинг энг машҳур табиий ёдгорликларидан бири ҳисобланади.
Табиатни муҳофаза қилувчи “Royal Society for the Protection of Birds” (Қушларни муҳофаза қилиш бўйича қироллик жамияти – RSPB) ташкилоти маълум қилишича, дарахт бу йил баҳорда биринчи марта барг чиқармаган. Шу асосда илмий экспертлар унинг ҳаёти тугаган деган хулосага келган.
Мутахассислар аниқ сабабни биргина омил билан изоҳлаш қийинлигини айтади, бироқ асосий омиллар сифатида йиллар давомида олиб борилган “яхши ниятли, лекин нотўғри структурага оид аралашувлар” ҳамда дарахт атрофидаги ҳаддан ташқари инсон фаолияти кўрсатилмоқда.
Шунингдек, иқлим ўзгариши ҳам – сўнгги йиллардаги кучли иссиқлик тўлқинлари ва қурғоқчиликлар дарахтнинг заифлашишини тезлаштирган.
RSPB маълумотига кўра, “Major Oak” (Мажор Оук) энди кесилмайди ва Шервуд ўрмони ҳудудида ёдгорлик сифатида сақлаб қолинади. Унинг танаси вақт ўтиши билан табиий парчаланиб, ўрмон экотизимига фойда келтиради.
Афсоналарга кўра, Робин Гуд айнан шу дарахтнинг ичи ковак танасидан яшириниш жойи сифатида фойдаланган.
Мутахассисларнинг қайд этишича, дарахт атрофида узоқ йиллар давомида кучли туризм босими бўлган, тупроқ зичлашиб кетган ва илдизлар етарли кислород ҳамда озуқа ололмай қолган.
RSPB ва бошқа табиат ҳимоячилари дарахтни сақлаб қолиш учун кўп йиллар давомида турли чоралар кўрган, аммо бу уринишлар кечиккан бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, дарахтдан олинган кўчатлар дунёнинг турли ҳудудларида экилган.
Мутахассислар бу воқеа бошқа қадимий дарахтларни сақлаш ва иқлим ўзгариши таъсирини яхшироқ тушуниш учун муҳим сабоқ бўлишини таъкидламоқда.
Live
Барчаси