Афғонистонга қўшни давлатлар вазирларининг тўртинчи учрашувида Ўзбекистон қандай ташаббус билан чиқди?
Жамият
−
14 Апрель 2023
7260Кеча, 13 апрель куни Самарқандда Ўзбекистон томони раислигида Афғонистонга қўшни давлатлар вазирларининг тўртинчи учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон, Эрон, Покистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Хитой ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Форум давомида томонлар Афғонистондаги мавжуд вазият, ушбу мамлакатнинг амалдаги расмийлари томонидан жаҳон ҳамжамиятининг асосий талаблари – инклюзив ҳукумат яратиш, афғонистонлик аёлларнинг меҳнат ва таълим олиш имкониятини ҳамда миллий озчиликларнинг ҳуқуқларини таъминлаш каби асосий талабларнинг бажарилиши муҳокама қилинган.
Шунингдек, Афғонистон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш ва мамлакат миллий иқтисодиётини тиклашга қаратилган биргаликдаги ҳаракатлар механизмини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланган.
Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақавий ўзаро боғлиқликнинг асосий омили сифатида Афғонистон салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш муҳимлиги қайд этилган.
Шу нуқтайи назардан, томонлар Афғонистон ҳудудида қўшни давлатлар иштирокида нафақат янги иш ўринлари яратиш, балки бу мамлакатнинг минтақавий иқтисодий жараёнларга янада фаол интеграциялашувга хизмат қилувчи инфратузилма ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш тарафдори эканини билдирган.
Эрон ТИВ баёнотида эса Ўзбекистон томони Афғонистон атрофида “хавфсизлик камари”ни яратиш бўйича БМТ ва Тожикистон назорати остида халқаро музокаралар гуруҳини тузиш ташаббусини олға сургани маълум қилинган. Форум иштирокчилари бу борада тўлиқ маълумот олишни кутишини билдирган.
Шунингдек, томонлар энг қисқа фурсат ичида учта ишчи гуруҳ: сиёсий ва дипломатик ишчи гуруҳ; иқтисодий ва гуманитар ишчи гуруҳ ҳамда хавфсизлик ва барқарорлик бўйича ишчи гуруҳ йиғилишларини шакллантиришга урғу берган.
Форум сўнггида иштирокчилар Ўзбекистонга Ташқи ишлар вазирларининг тўртинчи учрашувини жуда юқори савияда ўтказгани учун миннатдорчилик билдирган ҳолда, шу турдаги учрашувнинг бешинчиси 2024 йилда Ашхободда ёки зарурат туғилганда, ундан ҳам эртароқ муддатда ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь