Афғонистондаги зилзила қурбонлари сони 1100 нафардан ошди
Олам
−
02 Сентябрь 4376 1 дақиқа
Афғонистонда зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 1124 кишига етди. Бу ҳақда Афғонистон Қизил Ярим Ой жамияти маълумотларига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Ташкилотнинг сўнгги маълумотларига кўра, 3251 киши жароҳат олган, 8 мингдан ортиқ уй эса фалокат оқибатида вайрон бўлган.



Маълумот учун, бу – “Толибон” ҳукумати ҳокимиятга келганидан (2021 йил) бери юз берган учинчи йирик зилзила. Хорижий кучлар чиқиб кетгач, давлат молиясининг асосий қисмини ташкил этган халқаро ёрдам ҳам кескин қисқарган. Дипломатлар ва ёрдам ташкилотлари бутун дунёдаги бошқа инқирозлар ҳамда “Толибон”нинг аёлларга нисбатан сиёсатлари (хусусан, аёл гуманитар ходимларга қўйилган чекловлар) сабаб молиявий кўмак қисқарганини айтишмоқда. Гуманитар ёрдам миқдори ҳам 2022 йилдаги 3,8 миллиард доллардан жорий йилда 767 миллион долларгача камайган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати ҳалок бўлганлар сонини 812, ярадорлар сонини эса 2,8 минг киши деб баҳолаган эди. Зилзила кеча, 1 сентябрга ўтар кечаси 6,0 магнитудада юз берган. Ундан сўнг яна 5,2 ва 4,7 магнитудали икки марта такрорий силкиниш қайд этилган. АҚШ геологик хизмати (УСГС) зилзила ва такрорий силкинишларнинг эпицентрини Кунар вилоятидаги Жалолобод шаҳри яқинидаги ҳудуд деб кўрсатган.
Live
Барчаси