Афғонистондаги вилоятда амалдорларга суратга тушиш ва интервью бериш тақиқланди
Олам
−
14 Ноябрь
1429Афғонистон шарқидаги Нангарҳор вилояти ҳокимияти маҳаллий амалдорларга оммавий ахборот воситаларига суратга тушиш ва видео интервьюлар беришни расмий равишда тақиқлади. Бу ҳақда Афғон журналистика маркази хабар берди.
Марказга кўра, Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг ОАВ эркинлигига қарши ҳаракатлар тобора кучаймоқда.
“Бу тақиқ жуда ташвишли ҳолатдир, чунки Нангарҳор бундай чекловларни жорий қилган бешинчи вилоят бўлди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, хавфсизлик сабабли исмини ошкор қилишни истамаган Нангарҳордаги ОАВ раҳбари бу буйруқни маҳаллий амалдорларга вилоят ҳокимининг ўринбосари Азизулло Мустафо берганини маълум қилган. Вилоят ахборот ва маданият департаменти директори Қурейши Бадлун ушбу буйруқ ҳақида амалдорлар ва маҳаллий ОАВ раҳбарларини 12 ноябрь куни WhatsApp орқали хабардор қилган. Буйруқда, хусусан, “Толибон”нинг олий етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода томонидан тасдиқланган вазирликнинг ахлоқ қоидалари қонунига мувофиқ вилоят ҳарбий кенгаши энди тирик мавжудотларни суратга олиш ва уларни эфирга узатишни тақиқлаши белгиланган.
Шунингдек, Нангарҳор ҳокими ўринбосари вилоятдаги барча амалдорлар хабарларни энди фақат ёзма шаклда ОАВга етказиши кераклигини буюрган. ОАВга эса фақат ҳукумат бинолари, эълонлар ва логотиплардан фойдаланишга рухсат этилган. Бундан ташқари, маҳаллий амалдорлар билан барча интервьюлар бундан буён фақат аудио шаклда ўтказилиши лозимлиги айтилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Толибон” оммавий ахборот воситаларига тирик мавжудотлар тасвирини чоп этишни тақиқловчи қонун жорий этиши хабар қилинганди. Унга кўра, муваққат ҳукуматнинг ахлоқ вазирлиги оммавий ахборот воситаларига барча тирик мавжудотлар тасвирини чоп этишни тақиқловчи қонуннинг кучга кириши босқичма-босқич амалга оширилиши белгиланган.
LiveБарчаси