Афғонистондаги масжид намоз вақтида портлатилди. Қурбонлар орасида имом ҳам бор
Олам
−
18 Август 2022
11318Кеча, 17 август куни Афғонистон пойтахти Қобул шимоли-шарқидаги масжидда шом намози вақтида портлаш юз берди. Унда 21 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Al Jazeera” телеканали Афғонистон куч тузилмаларидаги манбага таяниб хабар берди.
Гувоҳларнинг айтишича, кучли портлаш Қобул шимолидаги Хайр Хона маҳалласидаги Сиддиқия масжидида содир бўлган ва портлаш зарбидан яқин атрофдаги биноларнинг деразалари ҳам синган. Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, отишма овозлари ҳам эшитилган.
“Кеча масжидда шом намози вақтида портлаш содир бўлди. Оқибатда 21 нафар фуқаромиз шаҳид бўлди, 33 нафари яраланди”, дейди Қобул полицияси вакили Холид Задран.
Маълумотларга кўра, жароҳатланганларнинг 5 нафари болалар.
"Тинч аҳолининг қотиллари ва жиноятчилар тез орада ўз жиноятлари учун жазоланадилар", деб ёзди “Толибон” ҳукумати вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид Twitter’да.
Қурбонлар орасида масжид имоми Мулла Амир Муҳаммад Қобулий ҳам борлиги айтилмоқда.
Портлаш содир бўлган жойга разведка гуруҳлари етиб борган, тергов ишлари давом этмоқда.
Сўнгги ойларда Афғонистоннинг бир қанча вилоятларида, жумладан, пойтахт минтақасида ҳам “Толибон” тарафдорлари, ҳам тинч аҳоли ҳалок бўлган қатор портлашлар, қуролли ҳужумлар ва отишмалар содир бўлди. ИШИД террор ташкилотининг бир бўлаги бўлган Хуросондаги “Исломий давлат” бу воқеаларнинг кўпчилиги учун жавобгарликни ўз зиммасига олган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида Қобулдаги масжид яқинида намоз вақтида портлаш содир бўлган эди. Ўшанда камида 50 киши ҳалок бўлган, 20 га яқин киши шифохонага етказилган.
LiveБарчаси