Афғонистонда Жаҳон банки қайта очилди
Олам
−
22 Ноябрь 2025 2625 2 дақиқа
Бугун, 22 ноябрь куни Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати молия вазирлиги Жаҳон банки Афғонистондаги офисини қайта очгани ва фаолиятини тиклаганини эълон қилди. Бу ҳақда “Afghanistan International” хабар берди.
Жаҳон банки бу борада ҳали расмий изоҳ бермаган, бироқ “Толибон”га кўра, ушбу ташкилот 45 миллион доллар миқдоридаги пудрат компанияларининг қарзларини тўлашга тайёр.
“Толибон” молия вазирлигининг баёнотида айтилишича, Жаҳон банки 2021 йилнинг августигача ҳужжатлари кўриб чиқилган ва якунланган лойиҳалар ҳамда пудрат компанияларига тегишли қарзларни қоплаш мажбуриятини олган.
2021 йилнинг августидан буён Жаҳон банки “Толибон” назоратидаги давлат идоралари билан бевосита ишламай келган. Ёрдам ва маблағлар асосан UNICEF, Жаҳон озиқ-овқат дастури ва Афғонистонни тиклаш жамғармаси каби халқаро ташкилотлар орқали ажратилган. Халқаро ёрдамларнинг асосий мақсади – маблағлар аҳолига етиб боришини таъминлаш, бироқ назорат бевосита “Толибон” қўлида бўлмаслигини кафолатлаш бўлган.
Қайд этилишича, қарзни тўлаш тўрт босқичда амалга оширилади. “Толибон” молия вазирлиги ҳозир Жаҳон банкининг айрим лойиҳалар ва пудрат ташкилотлари бўйича тўлов жараёни бошланганини, уларнинг ҳужжатлари Жаҳон банки ва молия вазирлиги назорат гуруҳи томонидан кўриб чиқилганини билдирган.
“Толибон”га кўра, Жаҳон банкининг пудрат компанияларига тўлаши лозим бўлган қарзлари қарийб 45 миллион долларни ташкил этади. Хабарда айтилишича, ушбу қарзлар “Толибон” молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тўрт босқичда тўланади.
Биринчи босқичда 9,3 миллион доллар бевосита хорижий пудрат компанияларига тўлаб берилади. Иккинчи босқичда эса Жаҳон банки 16,8 миллион доллар миқдоридаги қарзини “Толибон” молия вазирлиги орқали пудрат компанияларига ўтказиб беради. Жаҳон банкининг икки босқич бўйича тўловлари аллақачон бошланган, учинчи ва тўртинчи босқичлар эса кейинчалик амалга оширилади.
Live
Барчаси