Афғонистонда вазият минтақага хавф туғдирмоқда – Кремль
Олам
−
27 Май 2022
14071Россия Федерацияси минтақавий хавфсизликка жиддий таъсир кўрсатувчи афғон муаммоси бўйича халқаро мулоқот механизмларини яратиш тарафдори. Бу ҳақда Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев кеча, 26 май куни Душанбедаги кўп томонлама маслаҳатлашувларда маълум қилди.
Йиғилишда Россия, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон Хавфсизлик кенгашларининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари ва котиблари иштирок этган.
“Афғон омилининг минтақавий хавфсизликка жиддий таъсири давом этаётганини ҳисобга олиб, бугунги учрашувимизни ўз вақтида ўтказяпмиз деб ҳисоблайман”, дейди Патрушев.
У бундай кўп томонлама маслаҳатлашувлар амалиёти келгусида ҳам давом этишига умид билдирган.
“Шу билан бирга, мамлакатларимизнинг етакчи роли билан яратилган ва фаолият юритаётган афғон муаммоси бўйича халқаро мулоқот механизмларининг бутун спектри бўйича ишларни фаоллаштириш зарур. Улар орасида муҳим ўринни Москва формати эгаллайди, унинг иши давом этади”, дейди Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби.
Йиғилишда Афғонистонга қўшни давлатларнинг Хитойда бўлиб ўтган вазирлар учрашуви ҳам катта аҳамиятга эга бўлгани таъкидланган. Патрушев, шунингдек, Ўзбекистоннинг июль ойида Тошкентда ШҲТ шафелигида Афғонистон бўйича юқори даражадаги халқаро конференция ўтказиш ташаббусини қайд этди. Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котибининг сўзларига кўра, Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши КХШТ ва МДҲ шафелигида ўтказиладиган тадбирларнинг ажралмас мавзуидир.
“Мен айтиб ўтган барча мулоқот форматлари афғон йўлида умумий позицияларни ишлаб чиқиш учун бир-бирини узвий равишда тўлдириши керак”, дея хулоса қилди Россия делегацияси раҳбари.
Патрушев 26 май куни бўлиб ўтадиган учрашувда Афғонистондаги вазият ривожланиши билан боғлиқ муаммоларнинг бутун мажмуасини батафсил муҳокама қилишни ва “Афғонистон ҳудудидан келаётган хавф ва таҳдидларга қарши курашиш бўйича аниқ амалий чора-тадбирлар”ни кўриб чиқишни кутмоқда.
“Ишончим комилки, бугунги учрашувимиз давлатларимиз ўртасидаги афғон йўналишидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қўшимча суръат бағишлайди, шунингдек, Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик ўрнатилишига тез ҳисса қўшади”, дейди Хавфсизлик кенгаши котиби.
LiveБарчаси