Афғонистонда сайлов куни серияли портлашлар юз берди
Олам
−
28 Сентябрь 2019
6478Аввалроқ, Афғонистонда мамлакат президентлиги учун сайлов бўлиб ўтаётгани ҳақида хабар берган эдик. Сайловлар тинч ўтиши учун 72 минг хавфсизлик хизмати ходими жалб қилинганига қарамай, сиёсий жараён вақтида қатор портлашлар юз берди.
Бугун, 28 сентябрь куни Афғонистонда сайлов участкаси яқинида портлаш юз берди. Натижада камида 15 киши жабрланди. Бу ҳақда AFP хабар берди.
Теракт мамлакат жанубидаги Қандаҳор шаҳрида содир бўлди. Жабрланганларнинг бари эркаклар ва улар шифохонага олиб борилган.
Бошқа бир портлаш Нангарҳар вилоятидаги Жалолобод шаҳрида сайлов участкаси олдида содир бўлди. Ҳодисада 1 киши ҳалок бўлди, 4 нафари жароҳатланди.
Шунингдек, яна бир портлаш Афғонистон шимолидаги Ўзбекистон билан чегара яқинида жойлашган Қундуз шаҳрида юз берди. Портлаш натижасида 1 киши ҳалок бўлди.
Баъзи ОАВ тарқатаётган хабарларга кўра, сайлов куни умумий ҳисобда 9 та портлаш юз берган ва 870 та сайлов участкаси билан алоқа узилиб қолган. Жами сайлов участкалари сони 5373 тани ташкил қилади.
Маълумот учун, Сайловлар мамлакатда “Толибон” ҳаракати доимгиданда фаоллашган бир вақтда ўтказиляпти. Ҳаракат одамларни сайловни бойкот қилишга чақиряпти.
Шу ўринда сайловлардан аввал Афғонистонга тинчлик келтириши мумкин бўлган АҚШ ва “Толибон” музокаралари самарасиз якунланганини таъкидлаш лозим.
Бугунги сайловда 9,7 млн афғон овоз бериш учун рўйхатдан ўтган. Президентлик учун номзодлар сони 13 нафар бўлиб, уларнинг орасида Ашраф Ғани ва Абдулла Абдулла ҳам бор.