Афғонистонда икки вертолёт тўқнашди. Қурбонлар бор
Олам
−
14 Октябрь 2020
6273Афғонистон жанубида икки ҳарбий вертолёт ҳалокатга учради. Натижада 9 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги хабар бермоқда.
Вертолётларнинг ҳалокатига техник носозликлар сабаб бўлгани айтилмоқда.
"Афғонистон Миллий армиясининг Ми-17 вертолёти техник носозликлар сабабли Ҳелманд вилоятининг Нава туманида учиш пайтида кечаси соат 01:15 атрофида қулади. Афсуски, вертолёт бортида бўлган тўққиз киши ҳалок бўлди", дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Мудофаа вазирлиги воқеа бўйича текширувни бошлаган.
Афғонистон оммавий ахборот воситаларининг маҳаллий вилоят ҳокимиятига таяниб хабар беришича, Афғонистон Ҳаво кучларига қарашли вертолётлар Ҳелманд вилоятининг Нава округида бир-бири билан осмонда тўқнашган ва ерга қулаган. Вилоят маъмуриятининг маълумотларига кўра, армиянинг икки вертолёти тўқнашуви натижасида 15 нафар хавфсизлик ходими ҳалок бўлган. Бироқ, бу рақамлар Мудофаа вазирлиги маълумотларини рад этмоқда.
Хабарда айтилишича, вертолётлардан бири миллий армиянинг ярадор аскарларини жанговар зонадан олиб чиқиб кетаётган бўлса, иккинчи вертолёт ердаги қўшинларни қўллаб-қувватлаш учун ҳужум бўлинмасини етказиб бераётган эди.
Ҳелманддаги вазият жорий йилнинг 10 октябридан бошлаю кескинлашди. Толибларнинг қуролли гуруҳлари камида учта округда ва вилоятнинг маъмурий маркази Лашкаргоҳ шаҳрида ҳукумат кучлари позицияларига катта ҳужумлар уюштирди. Ушбу тўқнашувларга АҚШ қўшинлари ҳам аралашгани айтилмоқда.
LiveБарчаси