Афғонистонда болаларнинг тўйиб овқатланмаслиги рекорд даражага етди
Олам
−
06 Август 3775 2 дақиқа
Афғонистонда болаларнинг тўйиб овқатланмаслиги ҳозиргача қайд этилган энг юқори даражага етди. Бу ҳақда БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) баёнот берди.
Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, мамлакат аҳолисининг тўртдан бир қисми, яъни 10 миллионга яқин киши озиқ-овқат таъминотисиз қолмоқда. Ҳар учинчи афғон боласи сурункали тўйиб овқатланмайди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қайд этишича, вазиятнинг ёмонлашуви сўнгги икки йилда инсонпарварлик озиқ-овқат ёрдами ҳажмининг қисқариши билан боғлиқ. Бунинг сабаби молиявий ёрдамнинг сезиларли даражада пасайиши эди. Жорий йилнинг апрель ойида АҚШ Президенти Доналд Трамп маъмурияти дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бири бўлган Афғонистонга озиқ-овқат етказиб беришни бутунлай тўхтатди.
Озиқ-овқат хавфсизлигининг ёмонлашувига сабаб бўлган қўшимча омил – қўшни давлатлардан афғонларнинг оммавий равишда қайтиши бўлиб, у ерда ноқонуний муҳожирлар деб топилган хорижликларнинг депортацияси кучайган. Сўнгги икки ой ичида WFP Эрондан қайтган 60 минг афғонистонликка ёрдам берган.
Жаҳон озиқ-овқат дастури сўзловчиси Зиёвуддин Сафийга кўра, Эрондан қайтган барча муҳтож афғонларга ёрдам бериш учун 15 миллион доллар керак. Умуман олганда, дастур 2026 йилнинг январигача бутун мамлакат бўйлаб энг ночор оилаларни қўллаб-қувватлаш учун 539 миллион долларга муҳтож.
Бундан ташқари, иқлим инқирози Афғонистондаги озиқ-овқат билан боғлиқ вазиятни кескинлаштирмоқда. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш миллий агентлиги раҳбари Матиуллоҳ Холиснинг сўзларига кўра, қурғоқчилик, сув танқислиги, унумдор ерларнинг қисқариши ва сув тошқинлари ҳам аҳоли ҳаётига, ҳам мамлакат иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги 20 йил ичида Марказий Осиёда тўйиб овқатланмаслик даражаси 13,1 фоиздан (2005 йил) 2,8 фоизгача (2024 йил) пасайиб, беш баравардан кўпроққа камайган.